Ислом дини аёлларга тоқатсизми?

Image caption Ҳуда Жавад

Замонавий демократик мамлакатда яшаётган ва барча эркинликларга эга бўлган ғарблик қиз нима учун “Исломий давлат” сафига қўшилишни истайди? Ҳуда Жавод Оиладаги зўравонликларга қарши ташкилотида ишлайди. Ҳуда ана шу нозик саволга жавоб қидиради.

Мен Бағдодда таваллуд топганман, Бирлашган Араб Амирликлари ва Сурияда вояга етдим.

Ўсмирлик пайтим Лондонга келдик.

Менинг ота-онам Саддам Ҳусайн даврида сиёсий фаоллардан бўлишган, Ироқни ўзларига нисбатан сиртдан ўлим жазоси тайинлашганидан кейин тарк этганлар.

Менинг онам болалигидан иродали ва жасоратли бўлган. Унинг бобокалони оятуллоҳ ва шариат билимдони эди.

Шунданми онам жуда диндор бир муҳитда вояга етганди.

Аммо, унинг бобокалони Оятуллоҳ Наини конститутицион тузум тарафдори бўлган, мантиқнинг устиворлигини уқтирган ва сўзу фикр эркинлигини Худо берган неъмат дея ишонган.

Эҳтимол, шунинг учун онам оилада университет таҳсилини кўрган ва кейинроқ мактаб мудираси бўлган ягона аёлдир...

Ундан аввал оиладаги аёллар таълим олиш ҳуқуқидан маҳрум бўлганлар.

Аммо оилада Қуръон ва Исломий ақидаларни ўрганишган.

Отам ҳам Ироқ шимолида, айнан диний ва сиёсий фаоллик кучайган пайти вояга етган.

Онам ҳам, отам ҳам Саддам Ҳусайннинг Баас партиясига қарши курашган.

Шунинг учун ҳам улар тинимсиз ҳижратда юрганлар, энди тасаввур қилинг бунинг қанчалар мушкуллигини, айниқса фарзандларингиз қиз болалар бўлишса...

Биз қизлар учун эса бу сайру саёҳат эди, аммо оиладаги қора кунлардан тўла иҳота қилинмагандик.

Ҳозиргача мен айтмоқчи бўлган сўзимни англаб олгандирсиз, ҳа, мен ўзлик сиёсати ҳақида гапирмоқдаман.

Ҳаётимни тушунтириб бериш ҳаракатларимда, менимча, шу йўл маъқулроқдир.

Бундан икки ярим йилча аввал, менинг шиа мазҳабида бўлган, аммо сунний мазҳабидаги аёлга уйланган амаким исёнкорлар томонидан Дамашқдаги уйи ташқарисидан ўғирлаб кетилди.

Уни бир неча ҳафта давомида энг ёмон, сўз билан тасвирлаш мушкул шароитларда тутиб туришди. Бугун ҳам у бу ҳақда гапиришни истамайди, зотан, тунлари босриқиб чиқади...

Ўзининг нима учун ўғирлангани ҳақида сўраганида, унга “шиа бўлганинг учун” деб жавоб қилишади.

У ўзини шиа деб таништирмаган эди.

Амакимнинг бахтига мен ва отам Яқин Шарқдаги бир неча исломчилар ва диний фаоллар билан алоқада эдик.

Биз ёрдам сўраб кимга мурожаат қилишни билар эдик.

Биз ҳозиргача уни озод қилишда ёрдам берган инсонлардан беҳад миннатдормиз.

Мен ҳозир Британиядан ёш қизларнинг “Исломий давлат” сафларига кириш учун Сурияга қараб йўл олишларини ҳайрат ва афсус билан кузатаман.

Нима учун ёш, ақлли ва келажаги порлоқ, замонавий демократик давлатда барча эркинликларга эга бу қизлар энг қоронғу замонларга қайтишни исташади?

Image caption Ҳуданинг болалиги

У ерда электр қуввати йўқ, жўмракни бурасангиз сув келмайди...

Оддий инсон ҳақлари ва озодликлари учун қамоққа ташлашлари ва ё ҳатто ўлдиришлари мумкин.

Сўнгги вақтлар Ливиядан Оврўпога қочаман деб денгизга чўкиб кетаётган муҳожирларни қаранг...Улар ўз фарзандларига ёруғроқ ва яхшироқ ҳаёт истаганлари учун ватанларини тарк этишга мажбур.

Бу қизларни бир маънода Исломий утопия бағрига ким ва ё нима чорламоқда?

Яқин Шарқда туғилиб ўсган, урушлар ва таъқиблардан безор бўлган ва ҳар лаҳза эшикни тақиллатиб зулмкорлар келишидан озурда бўлган бир аёл сифатида мен бу қизларни тушунмайман.

Эътиқодли мусулмон, инсон ҳуқуқлари фаоли ўлароқ, мен бу содда британиялик қизларнинг Ислом номи билан ёвузлик ва шафқатсизлик қилаётганларнинг амалларини тарғиб этишларидан қоним қайнайди.

Бу ҳалол ва тоза деб аталаётган, Исломнинг эрта йилларига қайтиб яшаш орзуси дея таъриф этилаётган баҳонани тушунмайман, чунки бу “диний покиза давр”га қандай қилиб Twitter, Tumblr ва смартфонлар сиғади?

Шунда ҳам қайсидир маънода мени бу ёш қизлар билан қандайдир ришталар боғлаб туради.

Мен уларнинг “тўғри йўл”га кириш каби самимий ниятларини тушунаман.

Ана шу йўлда, улар назарида “улкан мақсад”лар билан яшаш истагини эътироф этаман.

Ўзликларини қидириб, ўзликларини англаш йўлидаги интилишларини инкор этмайман, қайсидир маънода олқишлайман...

Бу қизлар оммавий-ахборот воситаларида Ислом ва мусулмонларни тоқатсизлик, зўравонлик ва эскилик рамзи ўлароқ таърифланишига қарши эканликларини биламан ва мен ҳам ана шу қаршилардан бириман.

“Исломий давлат” назорати остида бўлган ҳудудларга қараб йўлга чиққан бу қизлар каби мен ҳам динимга эътиқод қиламан.

Менинг диним ва эътиқодим адолат талаб қилади.

Қамбағал ва касалвандларга ёрдам беришга, муаммоларни адолатли ечишга ундайди.

Инсоннинг ҳам, ҳайвоннинг ҳам ҳаётини қадрлашга даъват қилади.

Аммо айрим муллаларга кўра, Ислом адолатсизликка ҳам чорлайди, қаранг, нима учун аёл ишлаши ва ё турмушга чиқиши учун изн сўраши керак?

Нима учун қиз болани мажбурлаб турмушга беришни “эркакларнинг ҳуқуқи” деб талқин қилишади?

Нима учун хотин-қизларнинг ҳаракатланиши ва танлов ҳуқуқи чекланган?

Нима учун аёллар мероснинг эркакларга нисбатан фақат ярмига эга бўлади?

Бу саволларни мен ҳар кун берардим, ҳар сафар менга “Оллоҳнинг китобида шундай ёзилган”, деб жавоб бериларди.

Мен ўз жамоам ва динимга хиёнат қилиб қўймай деган истиҳола билан узоқ вақт Қуръонни ўқимадим.

Ўзимга ёқмайдиган бирор нарса чиқиб қолса деган ҳадик бор эди...

Аммо ҳамкасбим Юсуфни учратганимдан кейин бутун қарашларим ўзгарди.

Юсуф менга Қуръони Каримга нисбатан соғлом муносабат қилишни ўргатди.

Ҳар бир варақни мантиқ билан ўқиб чиқишни, кўр-кўрона ёд олмасликни маслаҳат берди.

У бизга Қуръонга боғлиқ барча шубҳа гумонлару саволларни айнан Қуръондан қидириш кераклигини айтди.

Менда ҳозир ҳам саволлар бор.

Мен ҳозир ҳам жавоб қидираман.

Бу мен учун мисли кўрилмаган бир тажриба бўлди.

Юсуф билан бирга биз тўгарак ташкил қилдик.

Фото муаллифлик ҳуқуқи MET POLICE
Image caption "Жиҳодий келинлар"

Гуруҳимизда мусулмон банкирлар, шифокорлар, адвокатлар, ўқитувчилар, модачилар ва талабалар бор эди.

Мунозаралар орқали биз шуни англадикки, Оллоҳнинг каломини мантиқ билан тушуниш керак экан.

Динимиз қадриятлари бугунги замонамизга, келажакка ва инсониятга қанчалар боғлиқлигини ўргана бошладик.

Мен Оллоҳнинг каломидан изланишларимни ҳамон давом эттирмоқдаман, саволлар ичимда бир талай...

Мен шу саволларим ва изланишларим туфайли озод бўлдим, диний сабоқларимга нисбатан масъулият қанчалар муҳимлигини англадим.

Айни пайтда Қуръонни ўрганганлар ва биз учун ҳамда бизнинг номимиздан талқин қилаётлар қанчалар масъулият остида эканликларини тушундим.

Қуръонни ўрганишдан аввал мен хайрия ташкилотида ишладим.

Биз оилада мисли кўрилмаган зўравонликка дучор қилинган аёллар ва болалар билан алоқада бўлдик.

Жабрдийда аёллар турфа этник гуруҳлар ва ижтимоий қатламлардан келишганди.

Оиладаги зўравонлик ирқни, диндор ё динсизни танимас , аммо мазлумларнинг аксарияти аёллар эди.

Айримлар зўравонликни динга боғлашарди.

Бошқалар эса бу Худонинг синови деб қабул қиларди.

Аммо деярли ҳар бир аёл динидан паноҳ топганди.

Дин уларга куч берарди.

Лекин мени даҳшатга солгани...дин зўравонлик учун воситага айлантирилган ҳолатлар эди.

Исломни аёллар устидан зўравонлик дея талқин қилган, шу йўлда ишлатилган ва шу йўл билан аёллар устидан назорат ўрнатишга ҳаракатларнинг аянчли натижаларидан ғазабландим.

Ана шунда менда Исломий феминизм деган қараш уйғонди.

Чунки аёллар талқинидаги Ислом йўқ эди.

Аёлнинг овози йўқ эди.

Кейин мен мусулмон феминистлар томонидан айрим нотўғри қарашларга бемалол танқидий кўз билан қараган, Қуръоннинг оятларини ўз билигича ва ўз мақсадлари йўлида ишлатилиш ҳолларига қарши бўлган чиқишларга гувоҳ бўлдим.

“Жиҳод келинлари” каби бу жабрдийда аёллар ҳам турфа талқинлар туфайли зулм остида қолишган, алданишган эди.

Бу “жиҳод келинлар”нинг диний ўзликни англаш ҳаракатлари эса бошқалар томонидан дастакланади.

Айни дастак тоқатсизликка, аёлларни камситувчи ақида ва ўрта асрлардаги салбий қарашларга асосланган “халифалик” қуриш йўлидаги ҳаракатларда фойдаланилади.

Айнан шу “фиқҳ” билан улар шариат қонунларини ўзларича ва ўз ҳоҳишлари, мақсадлари йўлида талқин қилишади.

Бу эса бугунги адолат ва тенглик қадриятларига мутлақо ётдир.

Аммо хотин-қизлар диний илмларнинг билимдонига айланса, эҳтимол дунё бошқачароқ бўлармиди?

Пайғамбар Муҳаммад (САВ) илк амалларидан бири, айнан араблардаги фарзанд қиз туғилса ўлдириш анъанасини тугатганида қанчалар маъно бор!

Бу амалда ҳаммамиз учун сабоқ ҳам мавжуд.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ