Саудиядаги шиалар масжидига "Исломий давлат" ҳужум қилган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Саудиядаги шиалар масжиди

“Исломий Давлат” жангари гуруҳи Саудия Арабистонидаги шиалар масжидида амалга оширилган худкушлик амали масъулиятини зиммасига олиб чиқди.

Саудия Арабистони Шарқий вилоятида жума куни амалга оширилган ҳужумда 21 инсон ҳаётдан кўз юмганди.

Аввалига ИДнинг ноябр ойи ташкил қилинган Саудия Арабистони бўлими портлаш ортида ўзлари турганини иддао қилган.

Интернетда ҳужумчининг сурати билан эълон қилинган баёнотда “халифалик аскарлари” бу ишни амалга оширгани айтилган.

Ўтмишда “Исломий Давлат” Саудия Арабистонидаги шиа мусулмонларига қарши ҳужум қилиш билан таҳдид қилганди.

Гувоҳлар Қатиф минтақасида жойлашган ал Қадееҳ қишлоғидаги Имом Али масжидида жума намози пайти йирик портлаш юз бергани ҳақида хабар қилишган.

Саудия Арабистони Соғлиқни сақлаш вазири давлат телеканалига гапираркан, ҳодисада 21 инсон ҳалок бўлгани ва 80 киши яраланганини маълум қилган.

Шифохона ходимларидан бири баъзи инсонларнинг жароҳатлари “ўта жиддий” эканини айтган.

Саудия Арабистонининг кўп сонли шиа мусулмонлари асосан Шарқий вилоятда яшайдилар.

Улар сўнгги вақтларда шиалар ҳуқуқларини таъминлаш талаби билан қатор норозилик амалларига қўл уришганди.

Айни дамда Саудия Арабистони Ямандаги шиа исёнчиларига қарши араб давлатларининг ҳаводан ҳужумларига раҳбарлик қилаяпти.

Саудия Арабистони "Исломий давлат"нинг ҳам таҳдиди остида қолган.

Ўтган ноябрда ИДнинг раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий саудиялик сафдошларини шиа нишонларига ҳужум қилишга чақирганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype – bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ