Саудия Арабистони: худкуш ҳужумчи шиа масжидига ҳужум қилди

Саудия Арабистонининг Шарқий вилоятидаги шиа масжидида уюштирилган худкушлик ҳужумида камида 10 одам ҳалок бўлган.

Маҳаллий Қатиф касалхонасида ишловчи тез ёрдам шифокорининг Би-би-сига айтишича, камида 70 одам жароҳат олган, "баъзилари оғир аҳволда".

Гувоҳлар ал-Қадиҳ қишлоғидаги Имом Али масжидида кучли портлаш бўлганини хабар қилдилар.

Минтақадаги сунний ва шиа мусулмонлар орасида ўсиб бораётган танглик манзарасида бу Саудия Арабистонида юз бераётган илк шундай ҳужумдир.

Исломий Давлат (ИД) ўтган жума куни 10дан ошиқ одамни яралаган қўшни Ямандаги шиа масжидига ҳужум учун масъулиятни ўз бўйнига олган.

Бироқ, у ёки бошқа гуруҳ Саудия Арабистонидаги ҳужум учун жавобга эканини айтганича йўқ.

Ҳужумни акс эттирган телевизион кадрлар синган деразалар парчалари ва масжид ичидаги вайронани намойиш қилди. Ҳужум пайтида кўплаб одамлар масжидда намоз ўқиётган бўлганлар.

Ерда чойшаб билан ёпиб қўйилган жасадлар ва масжиддан қонга беланган ҳолда олиб чиқилаётган намозхонлар ҳам телекадрларда кўринади.

Саудия Арабистонининг кўп сонли шиа мусулмонлари асосан Шарқий вилоятда яшайдилар. Улар охирги вақтларда шиалар ҳуқуқларини оширишни талаб қилиб намойишлар қилиб туришади.

Айни дамда Саудия Арабистони Ямандаги шиа исёнчиларига қарши араб давлатларининг ҳаводан ҳужумларига раҳбарлик қилаяпти.

Саудия Арабистони Исломий Давлатнинг ҳам таҳдиди остида қолган. Ўтган ноябрда ИДнинг раҳбари Абу Бакр ал-Бағдодий саудий сафдошларини шиа нишонларига ҳужум қилишга чақирганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype – bbcuzbekradio