Эрон ‘Исломий Давлат’нинг асл қиёфасини очмоқчи’

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Хабарларга кўра, Эронда худди шу мақсадда халқаро карикатуралар танлови эълон қилинган.

Бу ҳақда Теҳроннинг Press TV телевизион канали хабар берган.

Ушбу телевизион канал хабарларида айтилишича, танлов Эрондаги “Карикатуралар уйи” томонидан эълон қилинган ва унда истаган одам ўз ижоди намуналари билан қатнашиши мумкин.

Аммо, шарт шуки, танловга таклиф этилаётган карикатуралар “Исломий Давлат” гуруҳи содир этаётган жиноятларни ҳажвий йўлда акс эттирган бўлиши шарт бўлади.

Ташкилотчиларга кўра, шу йўл билан Яқин Шарқда ўз исломий халифатига эга ва дунёдаги энг қудратли бу гуруҳнинг ҳақиқий юзини кўрсатишмоқчи.

“Исломий Давлат” ўзини Ислом дини билан уйғунликда кўрсатишга уриниб келади. Аслида эса, гуруҳ Ислом дини ҳақида, ҳатто, тасаввурга ҳам эга эмас”, - дейди Эрондаги “Карикатуралар уйи” раҳбари Масъуд Шўжаий Табатабайи.

Аллақачон айримлари Эрон телевизион канали томонидан намойиш этилган карикатураларда Ғарб давлатлари, айниқса, АҚШ “Исломий Давлат”нинг дастакловчиси сифатида акс эттирилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service

Уларнинг “Исломий Давлат” воситасида Ироқ, Сурия ва Ливияга кириб олиш режасида эканликларига ишора беришга ҳаракат қилинган.

Press TV телевизион каналига кўра, “Исломий Давлат” фаолият қилувчи давлатлар фуқароларининг бу танловда иштирок этишлари осон бўлмаётир.

Уларнинг хабарларидан аён бўлишича, айниқса, Сурия ва ироқликлар гуруҳ бунга жавобан изларига тушиб, ўзларидан қасос олиши мумкинлигидан хавотирдалар.

“Tehran Times” нашрининг танлов ҳакамлар ҳайъати раҳбари муовини Муҳаммад Ҳабибийнинг сўзларига таяниб ёзишича, “айрим чет эллик карикатурачилар ҳам айнан хавфсизликлари билан боғлиқ сабаблар туфайли танловда ўзга ном билан қатнашишни маъқул кўришган”.

Эрон оммавий-ахборот воситаларининг хабарларига кўра, шу пайтгача танловга тақдим этилган 800 та “иш” орасидан 280 таси танлаб олинган.

Уларнинг орасида Буюк Британия, Перу, Италия, Куба, Франция ва австралиялик карикатурачиларнинг ижод намуналари борлиги айтилади.

Аён бўлишича, ушбу карикатуралар аллақачон Теҳронда кўргазмага қўйилган ва ғолиблар ҳам июн ойига қолмай эълон қилинади.

Аммо Эрон оммавий-ахборот воситалари хабарларининг бирор бир ерида ғолибларга аталган мукофотнинг нима экани ҳақида сўз бормайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ