‘Тушунмаган тушуниб олади’: Рамзан Қодиров Бош ролда

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Бу ҳақда Чеченистон президентининг ўзи “Instagram” даги аккаунтида хабар берган.

Рамзан Қодировнинг ёзишича, ўзи Бош қаҳрамони бўлган ўткир сюжетли фильм тез орада каттаю кичик экранларга чиқади.

Чеченистон раҳбарига кўра, фақат давомий музокаралар ортидангина, бу янги Голливуд фильмида суратга тушишга рози бўлган.

Жаноб Қодировнинг сўзларидан аён бўлишича, фильмнинг муаяйн қисмлари аллақачон тасвирга олиб бўлинган.

“Унинг режиссёри эса, Голливуднинг қатор шов-шувли фильмлари муаллифи. Бундан ташқари, бу фильмда Голливуднинг манаман, деган юлдузлари ҳам бандлар”, - деб ёзган Чеченистон президенти ўзининг “Instagram” даги аккаунтида.

Аммо, худди шу ўринда, Рамзан Қодиров ўзи сўз юритаётган режиссёр ва юлдузларнинг айнан ким эканликлари тафсилотларини очиқламайди.

Бироқ, унга кўра, ўзи Бош қаҳрамони бўлган фильм муаллифлари унинг муваффақиятига шубҳа қилишаётгани йўқ.

Чечен раҳбарининг худди шу сўзлари манзарасида турли ижтимоий мулоқот тармоқларида “Тушунмаган тушуниб олади” фильмининг трейлери ҳам пайдо бўлган.

15 сонияли трейлерда камуфляж ва ўзининг одатий қора кўзойнагида бўлган Рамзан Қодиров Қафқознинг тошу кўлмакли адирларида зирхли машиналар қуршовида автоматидан ҳавога ўт очганча, югуриб кетаётган қиёфада акс этади.

Ушбу трейлерда эълон қилинишича, Чеченистон президенти Бош қаҳрамони бўлган Голливуд фильми бутун Россия кинотеатрларида намойиш этилади.

Чечен раҳбарининг “Instagram” даги душанба кунги хабари сешанба куни тонггача 25.000 дан ортиқ фойдаланувчи томонидан ёқтирилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Аммо, эслатиб ўтиш жоиз, бу – Чеченистон президенти тасвирга тушган илк фильм эмас.

2014 йилда ҳам Рамзан Қодировнинг қисқа метражли “Сеҳрли тароқ” фильмида роль ўйнаб берганига оид хабарлар олинганди.

Бундан икки йилча аввал франциялик кино юлдузи Жерар Депардье у раҳбарлик қилаётган Чеченистон ҳақида фильм ишлаш истагини изҳор этганди.

Солиқларнинг оширилишига норозилик сифатида 2012 йилда Франция фуқаролигидан воз кечган таниқли актёрнинг бу сўзлари Россия унга ўз фуқаролигини берган ва бунинг ортидан, Чеченистон Республикасининг фахрий фуқаросига ҳам айланган пайтда янграганди.

Жерар Депардье пойтахт Грознийга шахсан ташриф буюриб, президент Рамзан Қодировнинг меҳмони бўлган, худди шу мақсадда маҳаллий кинематографлар ва талабалар билан ҳам учрашганди.

Рамзан Қодиров эса, аввалроқ француз актёрига ўз юртларига келиб яшашни таклиф этган ва "буюк маданият арбоби учун лозим бўлган барча шарт-шароитларни яратиб беришга" ваъда қилганди.

Чеченистон президенти пойтахт Грознийнинг ҳашаматли мавзесидан Жерар Депардьега беш хонали квартира ҳам совға қилганди.

38 ёшли Рамзан Қодиров Чеченистонни 2007 йилдан буён бошқариб келади.

Фаоллар амалдаги чечен ҳукуматини Чеченистонни исломийлаштириш ва эркинликларни бўғишда айблаб келишади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Рамзан Қодиров Бош қаҳрамони бўлган янги Голливуд фильми ҳақидаги хабарлар манзарасида Россияда худди шу каби айбловлар янграган ва яқинда қамоқдан озод этилган собиқ нефть корчалони Михаил Ходорковский томонидан молиялангани айтилган 26 дақиқали “Оила” номли ҳужжатли фильм ҳам бўй кўрсатган.

Бу ҳақда "The Moscow Times" га таяниб, нуфузли "Гардиан" нашри хабар берган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ