Фифа расмийлари коррупция айбловлари билан ҳибсга олинди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Футболни бошқарувчи Фифа ташкилотининг олти мулозими Швейцариянинг Цюрих шаҳридаги меҳмонхонада коррупция айблари билан ҳибсга олинганлар.

Улар орасида Фифанинг вице-президенти ҳам борлиги айтилади. Гумондорлар АҚШга экстрадиция қилинишлари кутилади.

Айбловлар сирасига пул ювиш, товламачилик ва фирибгарлик айбловлари киради.

Фифа аъзолари жума куни Цюрихда йиллик мажлисга йиғилишмоқда. Унда Фифа президенти Зепп Блаттер бешинчи муддатга сайланиши кутилади.

Ҳибсга олинганлар орасида жаноб Блаттер йўқлиги айтилмоқда.

Нью Йорк Таймс газетасининг ёзишича, фуқаролик кийимидаги полиция зобитлари Бор а Лак меҳмонхонаси маъмуриятидан хоналар калитларини олиб, расмийлар турган хоналарга кўтарилганлар. Ҳибсга олиш жараёни тинч ўтган.

Фифа вице-президенти Жеффри Веб ҳам ҳибсга олинганини Цюрихдаги меҳмонхонада турган Би-би-си мухбири Ричард Конвей хабар қилди.

Жаноб Вебб Шимолий ва Марказий Америка, ҳамда Кариб оролларидаги футболни бошқарувчи конфедерация раҳбаридир.

Нью Йорк Таймс мухбири Майкл Шмидт Фифанинг коста рикалик мулозими Эдуардо ли ҳам полиция томонидан олиб чиқиб кетилганига гувоҳ бўлганини айтди.

Фифа воизи ташкилот ҳозирда вазиятга аниқлик киритишга уринаётганини билдирди.

Швейцариянинг Адлия федерал идорасида баёнот чиқариб, АҚШ қатор расмийларни 1990-йиллардан бери 100 миллион долларга тенг миқдорда пора олганликда гумон қилаётганини хабар қилди.

Баёнотга кўра, мазкур жиноятлар АҚШда келишилган ва АҚШдаги ҳисоб рақамлари орқали амалга оширилган.

Швейцария экстрадиция сўровини қондириши баёнотда айтиб ўтилган.

Би-би-сига аниқ бўлишича, Зепп Блаттернинг лавозимига даъвогарлик қилаётган Иордания Шаҳзодаси Али Бин ал-Ҳуссайн ўз маслаҳатчилари билан учрашиб, ҳибслар таъсирини муҳокама қилиши кутилмоқда.

Ой бошида жаноб Блаттер ўзининг баъзи ҳамкасблари тергов остида эканларидан хабари борлигини айтганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer