Кўнёга сафар ва ё АК партия муваффақиятларидан баҳраманд қатлам

Фото муаллифлик ҳуқуқи SELIN GIRIT
Image caption Поезд 16 соатлик йўлни 1 соату 45 дақиқага қисқартирган

Би-би-сининг Истанбулдаги мухбири Марк Лоуэн Туркияда кутилаётган парламент сайловлари олди турли шаҳарларга бориб, у ерлардаги сайловолди вазиятни кузатмоқда. Мухбиримизнинг навбатдаги манзили Кўнё бўлган.

Туркиянинг бепоён ҳудудларини соатига 250 чақирим тезликда кесиб ўтаётган ушбу поезд АК - "Адолат ва Тараққиёт" партиясига ҳисобсиз овозларни тўплаб бергани тайин.

Сайловолди вазиятни ўрганиш учун қилаётган сафаримизни биз Туркиянинг ана шу тезюрар поездида давом эттирдик.

Анқарани бир пайтлар уйқуда бўлган Кўнё билан боғловчи ушбу темир йўл хизмати ҳали ҳам Туркия учун янгилик ҳисобланади.

У билан 16 соатлик йўл 1 соату 45 дақиқага қисқарган.

Мазкур темир йўл хизмати - ҳукумат томонидан Туркия, қолаверса, Кўнё иқтисодини кўтариш учун бошланган лойиҳалардан бири.

"Мен ушбу поезд билан фахрланаман", дейди она шаҳрига келаётган Явуз Ўзден. "Одамларимиз шунинг учун АК партиясини дастаклашади. Ак партияси ишлаб чиқаришни билади, олдинни кўра олади. Биз ҳар доим бу каби темир йўл хизматини орзу қилганмиз ва ҳозир бу орзу рўёбга чиқди", дея қўшимча қилади у.

Туркиянинг "нон савати"

Фото муаллифлик ҳуқуқи V
Image caption Ўтган 10 йил асносида маҳсулот экспорти ҳажми 10 бараварга ўсган

Йирик инфратузилма лойиҳалари "Адолат ва Тараққиёт" партиясининг 12 йиллик қудрати асосий рамзига айланган.

Йўл қурилишлари, ҳаво қўналғалари сони кўпайди, ҳукумат ўз бойлигини Туркиянинг тараққиёт йўлига тикди.

АК партияси 2001 йилги иқтисодий таназзул ортидан ва мамлакат Халқаро Валюта Жамғармасидан қарзга ботган пайти қудратга келганди.

Бугун Туркия дунёдаги йирик иқтисодлар орасида 17 ўринни эгаллайди.

2010 йилга келиб йиллик иқтисодий ўсиш 9%ни ташкил қилди. Аммо, ўтган йил бу кўрсаткич 3%дан пастга шўнғиди.

Мамлакатда молиявий танглик аломатлари сезила бошлаган эса-да, Кўнё бундан хавотирда кўринмайди.

Ўтмишда қишлоқ хўжалигига асосланган, Туркиянинг "нон савати" деб кўриладиган шаҳар бугун гуркираб ривожланмоқда.

Ўтган 10 йил асносида маҳсулот экспорти ҳажми 10 бараварга ўсган.

Тасаввуф бешиги

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Сўфиёна само рақсида чирпирак бўлиб айланаётган дарвешларни оломон бугун ҳам севиб томоша қилади

Кўнё ўзининг ўта гавжум масжидлари билан Туркиядаги энг анъанадор ва энг диндор шаҳарларидан бири ҳам ҳисобланади.

Ва у биз бир тўхтаган манзил - Измирдан узоқ-узоқларда...

8 аср олдин дунёга келган сўфиёна само рақсида чирпирак бўлиб айланаётган дарвешларни оломон бугун ҳам севиб томоша қилади.

Ҳар икки жиҳат - иқтисоднинг шиддат билан ўсиши ва диний илдизларга эга бўлиши Кўнёни АК партиясининг таянч нуқтасига айлантирган.

Ўтган сайловда партия бу ерда жуда катта овозни қўлга киритганди.

Кўнёнинг Секер озиқ-овқат ширкатидамиз.

Бизга шоколад ишлаб чиқариладиган бўлимни кўрсатишди. Ширинликлар тилла қоғозларга ўралишидан олдин бежирим қолипларда кесилмоқда.

Кейинги эшикда печенье, йўл бошида эса, сут, картошка маҳсулотлари ишлаб чиқарилди.

Чиқиндилар бошқа бир корхонада биогазга айлантирилади.

Сал нарида помидор етиштирилади. Хуллас, рўйхатни ҳали кўп давом эттириш мумкин.

"Ўтган ўн йилликда бу ердаги бизнес муҳити буткул ўзгарди", дейди корхона раҳбари Режеп Кўнук.

"Биз (эски дунёвий тузум томонидан) Онадўлилик қўвғиндилар деб кўрилардик; бизга "Исломий капиталистлар" деган тамға ҳам қўйишганди. Аммо, АК партияси интилиш ва саъй-ҳаракатлар билан муваффақият қозонишимиз мумкинлигини кўрсатди", дейди у.

2004 йилдан бери Кўнё Секер 33та янги корхона қурди. Иш ўринлари 900дан 11, 000га етди.

Ҳозир ширкат Туркиядаги йирик 20талик орасида. Жаноб Кўнук бугун АК партиясидан парламент аъзоси бўлиш учун беллашмоқда.

'Итдек муомила қилинарди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Мурат Ўзсандикжи жорий ҳукумат қўли остида ўз овозлари тинглана бошлаганини айтади

Мен унинг Кўнёга яқин Караман шаҳарчасидаги сайловолди кампанияларидан бирини кузатдим.

Кўнук жаноблари парламентга сайланган тақдирда ҳам ширкатида қолиш ниятида эканини айтади.

Туркия сиёсатида манфаатлар тўқнашуви деган тушунчага у қадар эътибор қаратилмайди.

Уни маҳаллий бозорда илиқ қаршилайдилар. Пойафзал ва рўмол сотувчилар уни ўраб оладилар.

Туркиянинг диний қисми ўтмишдаги дунёвий конституция асосида иш юритган ҳукуматлари томонидан ўзини ажратиб қўйилган ҳис қилганлар.

Аммо, АК партияси динга эркинлик берар экан, сайловчилар бугун ўз овозларига эга бўлганларини айтадилар.

"Авваллари шифохоналарда бизга итга қилингандек муносабат қилинарди", дейди Айша Дерман. "АК партияси келганидан кейин биз ҳам одамлардек ҳурматга лойиқ кўрилдик".

Ҳозир Кўнёни "Онадўли йўлбарси" деб атайдилар.

Бу ибора кичик исломий бизнесларга нисбатан ҳам қўлланилади.

Мазкур бизнеслар эгалари эса, АК партиясига дастакнинг суянчиғига айланишган.

Мурат Ўзсандикжи техник жиҳозлар ишлаб чиқарувчи ширкатни бошқаради.

"Ҳукумат бизга ваколат берди, деб ҳисоблаймиз; ўзимизни бу мамлакат олдида кўпроқ мажбуриятга эга ҳис қиламиз", дейди у.

"Биз бугун ҳар қандай савдо маркази ва ё беш юлдузли меҳмонхонага бориб, намоз ўқийдиган жой сўрашимиз мумкин. Ўтмишдан биздан фикр сўралмаган. Бугун биз ўзгачароқ ўйлашимиз учун босимни ҳис қилмаймиз. Энди бу муаммо эмас".

Партияга садоқат

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Президент Ражаб Тойиб Эрдўған

Туркия ҳукумати, айниқса, Президент Ражаб Тойиб Эрдўғанга қарши танқидлар яқин йиллар асносида урчиди.

Мухолифлар сўз эркинлиги бўғилаётгани, Адлия тизими мустақил эмаслиги ва авторитаризмнинг ўсаётгани ҳақида гапира бошладилар. Ва орада Ғарб билан муносабатлар совуқлашди.

Бироқ, биргина Кўнё шаҳрига сафаримиз давомида "Адолат ва Тараққиёт" партиясига садоқатнинг қанчалар чуқурлигини ҳис қилиш қийин эмас эди.

Партия тарафдорларига 2013 йилги аксилҳукумат намойишлари, ижтимоий матбуотга қарши ҳаракатлар ё-да, коррупция билан боғлиқ можароларнинг деярли аҳамияти йўқ.

"Адолат ва Тараққиёт" партияси рўмолли қизларнинг таълим олишларига изн берди, улар учун шифохоналар, мактаблар ва шоҳйўллар қуриб берди.

Шундай экан, бу одамлар бошқага овоз бериш ҳақида ўйлаб ҳам кўрмайдилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ