АҚШ: Муҳаммад пайғамбар карикатураларини ёқлаб ва унга қарши

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Аризона штатининг Финикс шаҳридаги йирик масжид яқинида уюштирилган қарама-қарши кайфиятдаги икки намойишда юзлаб одамлар иштирок этишган.

Ҳарбий либосда бўлган айрим намойишчиларнинг қўлларида ярим автомат қуроллари бўлгани, қарши томондаги бошқаларининг Муҳаммад пайғамбар (с.а.в) ҳажв этилган карикатураларни кўтариб олишгани айтилади.

Хабарларга кўра, Ислом дини ва пайғамбарига қарши руҳдаги намойиш иштирокчилари ўнг қанот миллатчи гуруҳлар тарафдорлари бўлишган.

Иккинчи томонни эса, диний эркинлик ва Ислом динини қўллаб-қувватлаб чиққанлар ташкил қилишган.

Сўнгги намойишлар Техасда уюштирилган ва Ислом дини пайғамбари ҳажв этилган карикатуралар танловга қўйилган кўргазмага қарши уюштирилган қуролли ҳужумдан бир неча ҳафта ўтиб кузатилган.

Хабарларга кўра, кеча жума куни ярим тунга қадар давом этган намойишлар Ироқ уруши фахрийси томонидан уюштирилган, гиж-гижловчи руҳда бўлган, томонлар ўртасида ғазабнок ҳайқириқлар ҳам янграган.

Бир-бирига қарши кайфиятда бўлган камида беш юз нафар намойишчи орасига махсус бош кийим ва газ ниқобларида бўлган полиция кучлари тушган ва бутун намойиш жараёнида уларни бир-бирларидан ажратиб тургани айтилади.

Намойишлар арафасида ташкилотчиларнинг ‘Facebook’даги махсус саҳифасида 900 дан ортиқ инсон унда иштирок этиш истагини билдиришган, бу эса, сатҳга аввалдан катта сондаги полиция кучларининг сафарбар этилишига сабаб бўлган.

“Биз ўз чиқишимизни Техасдаги ҳужумга жавобан уюштирдик”, - дея изоҳ берган аксилисломий мазмундаги намойиш ташкилотчиси Жон Рицимер ўзининг “Facebook”даги саҳифасида.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Шу ой бошида Техаснинг Гарленд шаҳрида юз берган ушбу ҳодисада ҳар икки ҳужумчи ҳам полиция кучлари томонидан отиб ўлдирилган, кейинчалик бу икковлоннинг айнан Финиксдаги масжидга қатнашлари маълум бўлган.

Ҳужумга масъулиятни эса, орадан кун ўтиб, Яқин Шарқдаги “Исломий Давлат” гуруҳи ўз зиммасига олиб чиққан. Аммо америкалик терговчилар гуруҳнинг бу каби даъволарини ҳар томонлама ўрганиб чиқиб, бу хусусда қатъий бир хулосага келиш ноўрин эканлигини айтишганди.

Техасдаги кўргазмага бош-қошлик қилган Памела Геллер хонимлари эса, Финиксдаги намойишларга ўзининг ҳеч бир алоқаси йўқлигини билдирган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Ушбу кўргазмани қоралаб чиққан Финикс мусулмонлар жамоаси ўз издошларини қутқуга учмасликка чақирган.

Бу каби карикатуралар дунёнинг аксарият мусулмонлари томонидан жуда оғриқли қабул қилинади, улар буни ўзлари, ўз динларига нисбатан ҳақорат сифатида қабул қилишади.

2006 йилда “Jyllands-Posten” голланд нашрида чоп этилган шунга ўхшаш карикатуралар эса, дунёнинг аксарият мусулмон давлатларида оммавий намойишларга сабаб бўлганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Шу йил бошида Франциянинг Муҳаммад пайғамбар (с.а.в.) ҳажв этилган карикатураларни босган “Charlie Hebdo” журнали ҳам исломчиларнинг ҳужумларига учраган, натижада, нашрнинг Бош муҳаррири дохил 12 киши қурбон бўлганди.

Шаҳарнинг халқаро аэропорти яқинида жойлашган ва аввал черков бўлган Финикс масжиди қарийб 600 намозхонга мўлжалланган.

Финикс шаҳрининг ўзида эса, ўн минглаб мусулмонларнинг истиқомат қилишлари айтилади.

Бугунги хабарлардан маълум бўлишича, катта сондаги полиция ходимлари ҳозирлигида кечган намойишлар тинч тарқалган, бирор бир ҳибсларга сабаб бўлмаган.

Оқ Уй воизи ҳам Финиксдаги намойишлар ўзларининг кўз остларида бўлганини билдирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ