Эрдўғон мусулмон сайловчиларга мурожаат қилди

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Туркияда 7 июнга мўлжалланган парламент сайловлари ҳал қилувчи паллага кирган.

Мухбирларнинг хабар қилишича, ўзининг қудратдаги партияси "Адолат ва Тараққиёт"нинг парламентда яна кўпчилик ўринни қўлга киритишига умид қилаётган Туркия Президенти Ражаб Тойиб Эрдўғон Истанбулдаги намойишда Ислом динини сайлов кампанияси марказига қўйган.

Истанбул шаҳрида Византия пойтахти Константинопол Усмонийлар империяси томонидан фатҳ этилганининг 562 йиллигига бағишланган тадбир уюштирилган.

Бу тадбирда Президент Ражаб Тойиб Эрдўғон нутқ сўзлаган.

Аксари рўмолли аёллар ва пешоналарига жаноб Эрдўғон номи ёзилган пешонабанд боғлаган ва қўлларида Туркия байроғини тутган минглаб дастакловчилари қаршисида гапирган Президент Эрдўғон мамлакатида Ислом дини таъсири пасайишига йўл қўймаслигини айтган.

"Биз азон чақириқларига қарши гапираётганларга йўл бермаймиз. Биз Истанбул юрагида фатҳ оловини 562 йил давомида ёқиб келган оловни ўчирмоқчи бўлаётганларга жой бермаймиз", деб айтган жаноб Эрдўғон.

Мухбирларга кўра, жаноб Эрдўғон диний анъанадор инсонлар, жумладан, тақводор курдлар ва турк миллатчиларининг ҳам "Адолат ва Тараққиёт" партиясини дастаклашларини хоҳлаяпти.

АК партиясининг парламентда кўп ўринни қўлга киритиши Туркия президентига янада кўп ваколат беришини таъминлайдиган қонунни қабул қилиш имкониятини беради.

Мамлакатда охирги кунларда ўтказилган омма фикрини ўрганиш сўровлари натижаларига кўра, "Адолат ва Тараққиёт" партиясининг бунга эришиши мушкул бўлиши мумкин.

Мухолифатга кўра, президентга янада кўпроқ ваколат берилиши Туркия демократиясини хавф остига қўяди.

Мухбирларнинг ёзишича, Туркия қонунчилиги бўйича президентнинг бирор бир партияни дастаклаши мумкин эмас, бироқ жаноб Эрдўғон дунёвий Жумҳуриятчи Халқ партияси ҳамда курдлар дастаклайдиган Халқ Демократик партияси тарафдорлари овозларининг АК томонидан қўлга киритилишини истамоқда.

"Адолат ва тараққиёт" партиясининг асосий икки рақиби Жумҳуриятчи Халқ партияси ва Халқ Демократик партияси деб кўрилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ