Видеоларда Мосулда Исломий Давлат қандай амал қилиши намоён бўлди

Би-би-си қўлга киритган эксклюзив видеода Ироқнинг иккинчи шаҳри бўлмиш Мосулда Исломий Давлат оддий аҳолининг ҳаётини қандай назорат қилаётгани намоён бўлади.

Хуфёна ёзиб олинган видеоларда масжидлар портлатилаётгани, ҳувиллаб қолган мактаблар, ҳамда аёллар танасини ёпишга мажбурланаётганини кўриш мумкин.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Маҳаллий яшовчилар Исломий Давлатнинг ўз талқинидаги қаттиққўл шариат қонунларига таянган жазо усулларидан қўрқиб яшаётганларини айтганлар.

Мосулнинг бой берилиши Исломий Давлатнинг яшин тезлигида шимолга юриши, армиялар таслим бўлиб, минглаб одамлар уйларидан қочишига йўл очиб берди.

1. Аёллар устидан назорат

Фото муаллифлик ҳуқуқи

Видеода, хусусан, бир аёл қўлини тўлиқ ёпмагани учун дакки егани намоён бўлади. Яна бир аёлдан эса овқатланганда юзини очмаслик сўралади.

Ҳанаа: "Биз турмуш ўртоғим билан унаштирилганимизда тез-тез бориб турган ресторанимизга бордик. Ўтиришимиз билан эрим менга ниқобимни ечишим мумкинлигини, ИД бу ресторанда йўқлигини айтди. Мен хурсанд бўлиб, юзимни очдим. Шу заҳотиёқ ресторан эгаси югуриб келиб эримдан юзимни ёпишимни сўраб ялинди. Айтишича, ИД жангарилари текшириш учун келиб туришар экан, ва мени бу ҳолда кўришса, савалашар экан. Биз ресторан эгасининг илтимосини қондирдик. Ресторанда чиқаётганимда, бир ота қизини қидираётганини кўрдим, унинг қизи қора денгизга белангандек эди."

2. Озчиликларнинг камситилиши

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Видеода Мосулдаги этник ва диний озчиликка мансуб одамларнинг уйлари ИД томонидан мусодара қилингани намоён бўлади. Бир вақтлар озчиликлар яшаган кўплаб маҳаллалар бўшаб қолган.

Марям, гинеколок, насроний: "Мен ашаддий китобхонман ва катта китоб коллекциямга эгаман. Ироқни дўстларим ва қариндошларим тарк этар эканлар, ҳаммаси менга китобларини ташлаб кетишарди, чунки билишардики мен бу китобларни асраб авайлайман. Мосул ИД қўлига ўтишидан олдин сунний экстремистлар менга таҳдид қилишган, лекин мен ҳар қандай дин ва мазҳабга тегишли аёлларни ҳомиласини қабул қилардим. Мен ҳеч қачон беморларни ажратмаганман. Лекин, мен ҳам Мосул қўлдан бой берилиши вақтида уни тарк этдим. Танам омон бўлса-да, менинг руҳим ортда, китобларим билан бирга уйда қолди. Ирбилга кўчганимдан кейин, менга ИД уйимни мусодара қилиб, унга "Н" (насроний) дея тамға қўйишганини айтишди. Мен дарҳол Мосулдаги дўстларимга сим қоқиб, китобларимни асраб қолишларини сўраб ялиндим. Лекин, кеч бўлган экан. Улар бутун кутубхонам кўчага сочиб ташланганини айтишди. Баъзи қўшниларим қимматбаҳо ва қадрли китобларимни сақлаб, яшириб қўйишибди."

3. Қўрқитув, жазо ва қийноқлар

Видеоларда масжидлар ва мақбаралар вайрон қилинаётгани намоён бўлади.

Заид: "ИД шаҳарни эгаллаганидан бери, ўз таъбиридаги "Халифат қонунлари"ни тадбиқ қилаяпти. Энг кичик жазо деб кўрилган савалаш сигарет чекиш каби "жиноят"ларга қарши қўлланади. Ўғирлиқ учун қўл кесилади, зино учун эркак киши юқори бинодан улоқтирилади, аёл киши эса тошбўрон қилинади. Жазолар омма олдида амалга оширилади ва халқ уни томоша қилишга мажбурланади."

Фуад: "Мени ИД ҳибсга олди. Улар уйимизга акамни излаб келишганди. Уни топа олмай, мени қамоққа олиб кетишди. Кейин мени қийноққа солишди. Мени қийнаган киши ҳеч тўхтамасди, фақат чарчаса тўхтарди. У ҳар доим асабий эди ва бошқа маҳбусларнинг гапларига қулоқ солмасди. У мени кабель билан савалади. Шундай қаттиқ саваладики, кабель излари ҳозир ҳам баданимда қолган."

4. Кундалик ҳаёт

Кундалик турмуш тарзи таниб бўлмайдиган даражада ўзгарган. Видеода ёқилғи танқислиги, табиат чиқиндилар билан захарланаётгани, қурилишлар тўхтаб қолгани ва кўплаб мактаблар ёпилгани намоён бўлади.

Ҳишам: "Кундалик ҳаёт қандай ўзгарганини сўз билан тасвирлаш қийин. Армияга ёки кунбай ишлаганлар ишсиз қолишган. Бадавлат одамлар сақлаб қолган пулларига яшашмоқда, маош олиб турганлар бир амаллашаяпти, қашшоқлар эса Оллоҳнинг марҳаматига қолишган. Мен ҳам ишимдан айрилдим ва ўқишларимни тўхтатишга мажбур бўлдим. Ҳамма қатори мени ҳам энг оддий ҳуқуқларимдан мосуво қилишди. ИДга кўра, ҳамма нарса ҳаром, шундай экан уйда ўтирибман. Ҳатто табиат қўйнига чиқиб оила билан овқатланиш ҳам таъқиқланган. ИД шаҳарни қайта қуриш ваъжи билан ҳамманинг маошидан бир чорагини тутиб қолаяпти. Касалхоналар фақат ИД аъзолари учун ишлаяпти. Акам намоз вақтида дўконини ёпмагани учун 20 марта саваланди. Ҳудди динни куч билан ўрнатиб бўладигандек!"

5. Кузатув

Видеода жангарилар шаҳар аҳолисини назорат қилиш учун пухта ишлаб чиқилган усулларни қўллаши, ўз мурожаатномаларини тарқатиш учун "медия марказлари"ни ташкил қилишгани намоён бўлади.

Маҳмуд: "12 ёшли укамнинг мактабини ИД эгаллаб олган бўлса-да, уни мактабда қолдирдик. Муқобил йўли бўлмагандан кейин, мактабда қолса, қандайдир билим олар, деб ўйлагандик. Бир кун уйга келсам, укам Исломий Давлатнинг байроғини чизиб, уларнинг машҳур қўшиқларидан бирини ҳиргойи қилиб ўтирибди. Мен қоғозни тортиб олиб, йиртиб ташладим. Уни дарҳол мактабдан чиқариб олдик. ИД тарғиб қилаётган нарсаларни ўргангандан кўра, умуман таълим олмагани яхши. Бу ташкилотнинг мақсади зўравонлик, нафрат ва мазҳабийликни болалар онгига синдиришдир."

6. ИД тактикалари

Видеода ИД жангарилари оғир артиллерия, хусусан қочиб қолган Ироқ қўшинларидан қолган ҳарбий машиналарда ҳаракат қилаётгани, ва ҳужумларга учоқларни уриб туширувчи қуроллар билан жавоб қайтараётгани кўринади.

Заид: "ИД биладики, армия Мосулни қайта қўла киритишга уринади. Шунинг учун, ИД шаҳарда туннеллар қазиб, тўсиқлар қурди, ерларга миналар ва бомбаларни кўмди, шаҳарни мерганлар билан тўлдирди. Армияга уни қайта олиш жуда қийин бўлади. Лекин, шунга қарамай, армия Нинаваҳ ва Мосулни қўлга киритса, мен жуда хурсанд бўлган бўлардим. Мен уйларини йўқотган одамлар яна қайтиб, хавфсиз ва бирлашган Ироқни қуришларини истайман. ИД инсониятнинг душманидир."

Видеолавҳаларни bbcuzbek.com сайтимизда томоша қилинг.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ