"Кунига икки ҳовуч ерёнғоқ енг, эрта ўлим эҳтимоли пасаяди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи PA

Ҳолланд олимларининг тадқиқотлар натижасида келган сўнгги хулосасига кўра, кунига икки ҳовуч ёнғоқ ёки ерёнғоқ истеъмол қиладиган инсонларнинг эрта вафот этиш эҳтимоли камаяди.

Нидерландиядаги Маастрихт университети олимлари ёнғоқ ва ерёнғоқлар билан боғлиқ тадқиқотни 10 йил давомида ўтказганлар.

Бу тадқиқотда 55 дан 69 ёшгача бўлган 120 минг инсон иштирок этган.

Бундан олдинги тадқиқотлар ёнғоқ билан юрак-қон томир хасталиклари ўртасидаги боғлиқликни ўрганган.

Ўшанда айрим турдаги ёнғоқ истеъмол қилиш билан муайян хасталиклар ўртасида алоқа борлиги аниқланган.

Маастрихтдаги сўнгги тадқиқот хулосаларига кўра, агар бир киши кунига камида 10 грамм ёнғоқ ёки ерёнғоқ истеъмол қилса, эрта ўлим эҳтимоли 23 фоиз камаяди.

Ким ёнғоқ ёки ерёнғоқни мунтазам истеъмол қилиб юрса, саратон, диабет, нафас йўллари хасталиклари, нерв тизими дегенератив касалликларидан ўлиш ҳоллари пасайиши маълум бўлган.

"Эпидемиология халқаро журнали"да эълон қилинган тадқиқот натижаларида нерв тизимидаги дегенератив хасталиклардан ўлиш ҳоллари 45 фоиз, нафас йўллари хасталикларидан ўлиш ҳоллари 39 фоиз, диабетдан ўлим ҳоллари 30 фоиз камайиши қайд этилган.

Тадқиқот раҳбари, профессор ван дер Брандт айтишича, "кунига атиги 15 грамм ёнғоқ ёки ерёнғоқ ейиш ўлим хавфини салмоқли даражада камайтириши ажойибдир"

Бу ерда гап фақат ёнғоқлар ҳақида бормоқда.

Олимлар, ерёнғоқ ёғи фойдали эмас, дейдилар, чунки бу ёғ таркибида туз ва бошқа моддалар мавжудлиги аниқланган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio