Боку: Яраланган қизлар президент Алиев учоғида уйларига етказилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Хабарларга кўра, машъум ҳодиса Оврўпо Ўйинларининг расмий очилиш маросими арафасида юз берган.

Австриялик синхрон сузувчилар бўлган бу уч қизни автобус босиб кетган.

Устига устак, пайшанба кунги воқеа нақ Олимпия қишлоқчасининг ўзида, эрталаб, улар тротуарда кетаётган пайтларида юз берган.

Учаласи ҳам 15 ёшда бўлган қизлардан бирининг турли синиш жароҳатлари олгани ва боши ҳам лат егани айтилмоқда.

Хабарларга кўра, қолган икки спортчи қиз қўл ва оёқ жароҳатидан азоб чекишган.

Бокудаги Олимпия қишлоқчасида кўрсатилган дастлабки тиббий ёрдам ортидан, учовлон ҳам шахсан Озарбайжон Президенти Илҳом Алиевнинг учоғида Австрияга етказилган.

Оврўпо Ўйинлари ташкилотчиларига кўра, ҳуқуқ-тартибот идоралари аллақачон юз берган ҳодиса юзасидан тергов ишларини бошлаб юборишган.

“Биз қалбан жабрдийда қизлар, уларнинг оила аъзолари ва қолган австриялик спортчилар билан биргамиз”, - деб баён қилган Оврўпо Ўйинларининг мезбон Бокудаги расмий вакили.

Австрия Миллий Олимпия қўмитасининг билдиришича эса, юз берган машъум ҳодисага қарамасдан, миллий терма жамоа ўзининг Ўйинлардаги иштирокини давом эттиради.

Бу йилги Оврўпо Ўйинлари 12 июн, жума куни кечқурун расман очилади ва икки ҳафтача давом этади.

Оврўпо қитъасидан келган минглаб спортчилар спортнинг 20 тури бўйича совринли ўринлар учун ўз курашларини олиб боришади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Бу спорт турларининг деярли барчаси Олимпия дастурига киради.

Бокудаги Оврўпо Ўйинлари қатор нуфузли инсон ҳақларини сақлаш ташкилотларининг Озарбайжонга қаратилган жиддий танқидлари манзарасида кечмоқда.

Жумладан, “Human Rights Watch” расмий Бокуни сўз эркинлигини чеклаш ва мухолифатни бостиришда айблаб чиққан.

“Amnesty International” ташкилоти эса, Ўйинлар олдидан ўз кузатувчиларининг Озарбайжонга қўйилмаганидан шикоятда.

Озарбайжонлик масъулларга кўра, ушбу халқаро ташкилот фаолларини мамлакатга қўйишади, фақат спорт тадбиридан сўнг...

Оврўпо Ўйинларига Россия Президенти Владимир Путиннинг ҳам ташриф буюриши, шу баҳона озарбайжонлик ҳамкасби Илҳом Алиев билан сўзлашиб олишни ҳам кўзлаётгани айтилади.

Хабарларга кўра, икковлон Озарбайжон ва Арманистон ўртасидаги узоқ йиллик можаролар маркази бўлган Тоғли Қорабоғ масаласини муҳокама этишлари мумкин.

Аммо арманистонлик спортчиларнинг катта сонда Бокудаги Оврўпо Ўйинларида иштирок этишлари кутилмоқда.

Оврўпо Ўйинлари, одатда, мезбон давлатга расман 1.2 миллиард долларга тушади.

Фото муаллифлик ҳуқуқи president.az

Мухбирларга кўра, расмий Боку Озарбайжоннинг Оврўпо давлати сифатидаги мавқеини мустаҳкамлаш учун миллионлаб доллар сарфлашга рози бўлган.

Биргина Олимпия стадиони қурилишига кетган сарф-харажатларнинг 600 миллион доллардан ортиқ эканини назарда тутиб, Озарбайжон томонининг харжлари расмийсидан кўра кўпроқ эканини тахмин этаётганлар ҳам йўқ эмас.

Боку - Оврўпо Ўйинларига мезбонлик қилаётган биринчи собиқ Шўро давлати бўлади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ