Туркия собиқ президенти Сулаймон Демирел вафот этди

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Туркиялик шифокорларга кўра, 90 ёшли собиқ президент эрта тонгда пойтахт Анқарадаги Гувен касалхонасида ҳаётдан кўз юмган.

Сулаймон Демирелнинг сўнгги пайтларда нафас йўллари яллиғланишидан азоб чеккани айтилади.

У Туркияга 1993-2000 йиллар оралиғида президентлик қилган.

Бошқаруви даврида Туркиянинг янада саноатлашишига хизмат қилган қатор иқтисодий ислоҳотларга қўл урган.

Уларни муваффақиятли ҳаётга тадбиқ этгани ҳам алоҳида урғуланади.

Сулаймон Демирел қарийб ярим асрлик сиёсий карьераси давомида Туркияга етти бор Бош вазирлик ҳам қилган.

Аммо ҳукумати икки маротаба мамлакатнинг қудратли ҳарбийлари томонидан ағдарилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

У 1964-90 йиллар оралиғида Туркиядаги “Адолат” партиясига бошчилик қилган.

Аммо 1980 йилдаги давлат тўнтариши ортидан, Сулаймон Демирел ва яна қатор сиёсатчиларнинг сиёсат билан шуғулланишлари тақиқлаб қўйилган.

Орадан етти йил ўтиб бу тақиқнинг олиб ташланиши кейинчалик жаноб Демирелнинг яна катта сиёсат саҳнасига қайтишига йўл очган.

Сулаймон Демирел Исмат Инён ва Ражаб Тойиб Эрдўғондан кейин Туркия тарихида энг узоқ хизмат қилган учта Бош вазирдан биттаси саналади.

Унинг сўнгги бор 13 май куни касалхонага ётқизилгани, аммо кеча сешанба куни аҳволи ўта ёмонлашиб, туркиялик шифокорлар собиқ президентнинг ҳаётини асраб қолишга муваффақ бўлишмагани айтилмоқда.

Сулаймон Демирелнинг номи минтақа давлатларида ҳам яхши таниш.

Туркия президенти экан жаноб Демирел Ўзбекистонга ҳам сафар қилган.

Қўшни Қозоғистондаги университетлардан бири эса, унинг номи билан аталган.

Яқинда “Икки давлат ўртасидаги алоқаларни мустаҳкамлашда кўрсатган хизматлари учун” Озарбайжон Президенти Илҳом Алиев Сулаймон Демирелни “Шараф” ордени билан тақдирлашга қарор қилганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи hurriyet.com.tr

Сулаймон Демирел 1924 йилда Туркиянинг ғарбий Испарта вилоятида туғилган.

Расмий таржимаи ҳолига таянилса, асл касби фуқаровий муҳандис.

1960 йилги давлат тўнтаришидан беш йил ўтиб, илк бор Туркияда қудратга келган.

Сулаймон Демирел бошчилигидаги "Адолат" партияси ўша йили уюштирилган парламент сайловларида ғалаба қозонган.

Ўз тарафдорлари орасида Сулаймон Демирел "Ота" номи билан машҳур бўлган.

Ражаб Тойиб Эрдўғоннинг бошқарувдаги "Адолат ва Тикланиш" партияси иқтидорга келаркан, 2002 йилда у бошчилик қилган беқарор коалицион ҳукумат интиҳо топган.

Ўша ҳодисалардан 13 йил ўтиб, ҳозир Туркия яна худди шундай коалицион бошқарув эҳтимоли қаршисида қолган.

"Адолат ва Тикланиш" партияси 7 июн куни бўлиб ўтган сайловларда кўпчилик овозни қўлга кирита олмаган.

Аммо Ражаб Тойиб Эрдўғон бошқаруви даврида Туркия дунёнинг иқтисоди энг ривожланган 20 давлати сафидан жой олишга муваффақ бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ