АҚШ Сенати: Украинага $300 миллион доллар ҳарбий ёрдам берилсин

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Сўнгги янгилик АҚШ сенатининг мамлакат янги ҳарбий бюджетини маъқуллаши ортидан ўртага чиққан.

Сенат маъқул, деб топган ҳужжатда “бўлажак тажовузларга қарши туриши учун” Киевга ҳарбий техника, танкка қаршилари дохил турли қурол-аслаҳа, гранатомётлар ва учувчисиз учқичлар билан ёрдам бериш кўзда тутилган.

Бундан ташқари, унда Украинага ўрта ва олис масофаларга мўлжалланган радарлар, радиостанциялар ва бошқа электрон жиҳозлар берилиши ҳақида ҳам сўз боради.

Ҳарбий кўмак, шунингдек, украиналик ҳарбийларнинг малакасини ошириб беришни ҳам ўз ичига олади.

Янги ҳарбий бюджет лойиҳасини республикачи сенатор Роб Портман ишлаб чиққан.

Унда Украинага берилиши кўзда тутилаётган ҳарбий ёрдам 20 фоизининг қурол-яроққа сарфланиши шарт экани алоҳида урғуланади.

Лойиҳанинг яна бир республикачи сенатор Мэк Торнберри муаллифлик қилган дастлабки лойиҳасида эса, расмий Киевга ҳозиргисидан бироз кам, яъни $200 миллион долларлик кўмак кўзда тутилганди.

АҚШ янги ҳарбий бюджетининг умумий миқдори $612 миллиард долларни ташкил қилади.

Ҳужжат 25 сенаторнинг қарши, яна 71 нафарининг ёқловчи овози билан маъқулланган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Аммо аввалроқ АҚШ Президенти Барак Обама республикачилар томонидан ишлаб чиқилган янги бюджет лойиҳаси ўзига маъқул эмаслигини айтган.

Худди шу боис ҳам, президент Обаманинг унга вето қўйиши мумкинлиги ҳам айтилмоқда.

Демократларнинг иддао қилишларича, янги ҳужжат Барак Обаманинг ўз ваъдасига вафо қилиб, Кубадаги Гуантанамо қамоқхонасини ёпишини амалда имконсиз қилиб қўяди.

Чунки Украинага ўточар қуроллар билан ёрдам бериш АҚШ президенти тарафдорларининг режасига кирмаган.

Сенат маъқулловидан ўтган янги ҳарбий бюджет лойиҳаси энди кўриб чиқиши учун АҚШ Конгресси вакиллари палатасига юборилади.

Уларнинг муҳокамасидан ўтгач, яна махсус ҳайъат эътиборига ҳавола этилади ва шундан сўнггина, АҚШ президентининг столига боради.

Шу йил март ойида АҚШ Конгрессининг юқори мартабали вакиллари ҳам президент Обамани россияпараст бўлгинчиларга қарши жангларида дастаклаш учун Украинага ўточар қурол-яроғ юборишга ундашганди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Улар ўз мактубларида Россиянинг Украинадаги ишлари “халқаро қонунларнинг қўпол равишда бузилиши”, эканини айтишган.

Мактуб муаллифларига кўра, яқинда эришилган оташкесим ҳам Украина шарқидаги исёнчиларнинг куч тўплаб олишларига хизмат қилган, холос.

Украина ва Ғарб Россияни бўлгинчиларга қурол-яроғ етказиб бериш, уларни аскарлар билан таъминлашда айблашади.

Халқаро экспертлар ҳам икковлоннинг бу каби даъволарига қўшилишади.

Расмий Москва эса, ойларки, уларнинг айбловларини рад этиб келади.

Бошқа томондан, Украина шарқидаги бўлгинчилар сафларида жанг қилаётган фуқаролари кўнгиллилар эканини ҳам айтишни унутмайди.

Донецк ва Луганскдаги низолар ўтган йил апрел ойида, Қрим ярим ороли Россияга қўшиб олинишидан қисқа вақт ўтмай бошланганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ