Ереванда норозилик намойишлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Ереванда нархлар ошишига қарши намойишлар 19 июндан бери давом этмоқда.

Арманистон пойтахти Ереванда бир неча кундан бери ўтказилаётган норозилик намойиши қатнашчилари Президент билан учрашувдан бош тортдилар.

Учрашув ўрнига намойишчилар, президент Серж Саркисяннинг телевидение орқали жонли эфирга чиқиб, электр энергиясига оширилган нархларни бекор қилишини талаб қилдилар.

Айни вақтда нархларнинг оширилишига қарши ўтаётган намойишга сиёсатчилар ва жамоат фаоллари келиб қўшилиб, полиция билан намойишчилар ўртасида "тирик қалқон" ҳосил қилганлар.

News.am агентлигининг хабар беришича, "тирик қалқон" га қўшилган "Озод демократлар" партияси раҳбари Хачатур Кокобеляннинг айтишича, улар намойишчилар йўриғига таъсир ўтказмоқчи эмаслар, шунчаки полиция билан тўқнашувларнинг олдини олмоқчилар.

Электрэнергия нархларининг ошишига қарши тўхтовсиз намойишлар Ереванда 19 июндан бери давом этмоқда. Баъзи матбуот воситалари бу чиқишларни "электромайдан", дея таърифламоқдалар.

23 июн куни эрта тонгда полиция намойишчиларни сувпуркагичлар ёрдамида тарқатиб юбориб, 200 га яқин кишини қўлга олганди.

Ереванда бўлган Би-би-си мухбири полиция томонидан ўринсиз куч ишлатилганлигига гувоҳ бўлган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Полция намойичиларни тарқатиб юбориш учун сувпуркагичларни ишга солди. Лекин намойишчилар қайта йиғилдилар.

Арманистон полициясининг амалларини Amnesty International ҳам қоралаб, тинч намойишларни тарқатишда бу каби шафқатсиз тактика ўринсиз эканлигини айтган.

Намойишчилар кейинчалик қайта йиғилганлар ва Президент қароргоҳи томон юрдилар, аммо уларни полиция тўхтатиб қолди.

Намойишчилар полиция кучларидан ўзларини қўл бола баррикадалар билан тўсиб, ерга ўтириб олдилар.

Ҳукумат бинолари жойлашган Маршал Баграмян проспектига ахлат қутилари олиб келиниб, полиция кучлари рўпарасига териб қўйилди.

Намойиш ташкилотчилари қатнашчиларга мурожаат қилиб, полициячиларга дуч келган нарса отиб, куч ишлатишга гиж-гижламасликка даъват қилдилар.

News.am портали мухбирининг кейинчалик хабар беришича, полиция намойишчиларга қарши куч ишлатмасликни ваъда бериб, ахлат қутиларидан ясалган баррикадаларни олиб ташлашга муваффақ бўлган.

"Тўламаймиз!"

Ўтган ҳафта нархларнинг оширилишига қарши намойишлар шунингдек Арманистоннинг бошқа шаҳарларида ҳам бўлиб ўтди.

Гумри шаҳрида якшанба куни ўтказилган намойишда қатнашчилар "Биз тўламаймиз", "Талончиликка йўқ!" дея битилган шиорларни кўтариб чиққандилар.

Арманистон Жамоат Хизматини бошқариш Комиссияси 17 июн куни электрэнергиясига нархларни 7 баробарга оширгани ҳақида маълум қилганди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio