Арманистонда норозиликлар давом этмоқда

Арманистон пойтахти Ереванда тўртинчи кундирки, норозилик намойишлари давом этмоқда.

Намойишчилар вакиллари мамлакат Президенти билан учрашувдан бош тортганлар.

Улар Президент Серж Саркисяндан телевидение орқали чиқиб, электр энергияси учун оширилган нархларни бекор қилишни талаб қилишган.

Аммо, Арманистон Энергетика вазири Ерванд Захарян электр истеъмоли учун тўловларни ошириш режасидан воз кечиш имконсиз эканини айтган.

Норозиликлар нафақат Ереван, балки мамлакатнинг бошқа бурчакларига ҳам ёйилган.

Норозиликларга Арманистон электр таъминоти идорасининг электр таъминоти учун тарифни 16 фоизга ошириш режаси сабаб бўлган.

"Қарорни бекор қилиши мумкин бўлган бирон бир механизмни билмайман", деб айтган жаноб Захарян.

БМТ хавотири

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Полициянинг норозиликларни бостириш ҳаракатлари танқид қилинди

Айни пайтда БМТнинг Инсон ҳақлари бўйича олий комиссарлиги воизи Ривина Шамдасани Арманистондаги ҳодисалардан хавотир билдирган.

"Биз 23 июн куни Еревандаги норозиликларни жиловлаш ҳаракатларида полиция зобитлари, жумладан, журналистларга қарши ҳаддан ортиқ куч қўллаганлари борасидаги ишончли хабарлардан хавотирдамиз. Ва ҳукуматни ҳодиса юзасидан зудилк билан батафсил текширувлар ўтказишга чақирамиз", деб айтган БМТ расмийси.

Ривина Шамдасанига кўра, норозиликлар давом этар экан, ҳукумат намойишчиларга қарши сиёсат инсон ҳақларига оид халқаро қонунларга мутлақ мос тушишини таъминлаши керак.

Шунингдек, у Ташқи ишлар вазирлигининг Арманистон ҳукумати мамлакатда "инсон ҳақлари ҳимояси, демократия, асосий эркинликлар"ни таъминлаш масаласида қатъий экани ҳақидаги баёнотини олқишлаган.

Минтақа давлатлари муносабати

Озарбайжоннинг юқори мартабали расмийси халқаро матбуот ва инсон ҳақлари ташкилотларини Арманистондаги норозиликларни бостириш амалларига "иккиюзламалик" қараш ва "сукут" сақлашда айблаган.

Россия матбуоти эса, "Арманистон: Яна бир рангли инқилобми?" деган мақола чоп қилган.

Коммерсант нашри Еревандаги норозиликларни Киевдаги Майдан ҳодисаларига қиёслаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio