Жоҳар Царнаев жабрланганлардан узр сўради

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Бостон марафони ҳужумчиси Жоҳар Царнаев портлашдан жабр кўрганлардан узр сўраган.

У ўзига чиқарилган ўлим ҳукми расман эълон қилинган федерал маҳкамада гапирган.

"Ўзим зомин бўлган инсонлар умри учун, сизга етказган озорим учун, узр сўрайман", деб айтган Жоҳар Царнаев нобуд бўлганларнинг яқинлари ва жароҳатланганларга қарата.

Чоршанба куни кечган маҳкама мажлисида ҳужумдан жабрланганлар Царнаевни "қўрқоқларча" қилган амаллари учун қоралашган. У эса, бу сўзларни жим туриб тинглаган.

Жоҳар Царнаев ва унинг акаси 2013 йилги марафон пайти уюштирган бомба ҳужумида уч инсон ҳаётдан кўз юмган, 264 киши тан жароҳати олганди.

Царнаевларни қидириш амалиётлари чоғи эса, бир полиция зобити нобуд бўлган.

Жоҳар Царнаевнинг акаси Тамерлан ҳам кейин ўлдирилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Public Defenders Office
Image caption Ака-ука Царнаевлар

Унинг ўзи эса, 30та айбловнинг барчасида айбдор топилиб, ўтган ой ўлим жазосига ҳукм қилинганди. Чоршанба куни шу ҳукм расман ўқиб эшиттирилган.

Маҳкама жараёни бошланганидан бери берган илк баёнотларида 21 ёшли Царнаев барча жабрланганлар кўрсатмаларини тинглагани ва омон қолганларнинг куч-қуввати ва сабр тоқати ҳақида гапирган.

У Аллоҳга шукрона қилиш билан бирга ҳимоячиларига миннатдорчилик билдирган.

Жоҳар Царнаевнинг сўзлари маҳкама ташқарисида тўпланган томонидан турлича кутиб олинган. Омон қолганлардан бири унинг узрхоҳлигини сохта деб таърифлаган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Царнаевнинг сўзлари турли муносабатларни уйғотган

Аммо, ҳодиса гувоҳларидан бошқа бири Царнаевни кечирганини билдирган: "Унинг узри менга етарли, самимий гапиряпти, деб умид қиламан".

Қурбонлар

*29 ёшли ресторан менежери Кристл Кембл ўз дўстининг пойгадаги иштирокини кузатиш учун келган бўлган;

*Хитойлик битирувчи талаба Луи Лингзи Бостон Университетида статистика фанидан таълим олаётганди;

*Саккиз ёшли Мартин Ричард оиласи билан пойгачиларни дастаклаб турганди.

Қурбонлардан энг кичиги Мартин Ричарднинг отаси Билл Ричард Жоҳар акасини бу ишдан тўхтатиб қолиши мумкин бўлганини айтган.

"У нафратни, бузғунчиликни танлади. Ўлимни танлади. Буларнинг бари унинг бўйнида", деб айтган Билл Ричард.

Ҳужумда оёқларидан айрилган 17 киши ҳам маҳкама мажлисида ҳозир бўлган. Уларнинг кўплари ўзларини ўлаётган ҳис қилганларини айтишган.

Жоҳар Царнаев устидан иш йиллар давом этиши мумкин. Қўшма Штатларда ўлим жазолари ижроси кўпда бир неча йиллар ўтиб амалга оширилади. Ва ҳали ҳукмга қарши шикоят аризаси берилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ