Шинжон расмийси коррупцияда гумон қилинмоқда

Image caption Охирги йиллар этник уйғурлар ва ҳукумат орасидаги танглик кучайгани кузатилди

Хитой расмийларига кўра, уйғур озчиликларидан бўлган юқори мартабали расмий коррупция гумонлари билан текширилмоқда.

Бу ҳақда Хитой Коммунистик Партияси коррупцияга қарши идораси баёнот тарқатган.

Қисқа баёнотда айтилишича, Шинжон вилояти Бош котиби Алимжон Муҳаммад (Alimjan Maimaitiming) "хизмат интизомини бузганлик"да гумон қилинади. Интизомни назорат қилувчи марказий комиссия мазкур ишга оид бошқа тафсилотларни бермаган.

Расмий маълумотларда 55 ёшли Алимжон Муҳаммад Шинжон жанубида жойлашган Черчен ноҳиясидан экани айтилади. У ўтмишда Шинжон кундалик нашри бош муҳаррири бўлган.

Бу Хитойда маълум вақтдан бери коррупцияга қарши олиб борилаётган курашга оид хабарларнинг сўнггисидир.

2012 йил Хитой Президенти Ши Жинпинг коррупцияга қарши жиддий кураш олиб боришга ваъда берган. Ўшандан бери коррупцияга алоқадорлик айбловлари билан мамлакатнинг қатор энг юқори мартабали сиёсатчилари ҳам жавобгарликка тортилди.

Аммо, шу пайтга қадар Хитойнинг катта сонли озчиликлар истиқомат қилувчи Шинжон ва Тибет минтақалари аксилкоррупция амалиётларига қайсидир маънода чап бериб келгани айтилади.

Аммо, ўтган йил Хўтан шаҳри мэри худди шундай коррупцияга оид текширувлар ортидан ишдан олинган.

Танглик

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Уйғурлар эса, қадим маданиятлари буткул йўқ бўлиб кетишидан хавотирда эканларини айтишади

Хитой ғарбида жойлашган Шинжон вилояти аҳолиси аксарини туркий қавмга мансуб уйғур мусулмонлари ташкил қилади.

Охирги йиллар этник уйғурлар ва ҳукумат орасидаги танглик кучайгани кузатилди.

Уйғурлар ва минтақага кўчириб ўрнаштирилган хитой ханлари ўртасида келиб чиққан зўравонликларда ўнлаб инсонлар нобуд бўлди.

Хитой ҳукумати бундай ҳужумларда хориждан дастакланган уйғур бўлгинчи диний мутаассибларини айблайди.

Уйғурлар эса, ўз ҳақлари топталаётгани ва қадим маданиятларининг буткул йўқ бўлиб кетишидан хавотирда эканларини айтишади.

Кузатувчилар ҳозирча Алимжон Муҳаммадга қарши коррупцияга оид текширувлар ортидан ҳукумат ва уйғурлар ўртасидаги тангликнинг не қадар алоқаси борлиги ҳақида гапириш мушкуллигини айтишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio