Беларусда президентлик сайловлари 11 октябрга белгиланди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Лукашенко Беларусни 20 йилдан буён идора қилади

Беларус парламенти навбатдаги президентлик сайловларини шу йилнинг 11 октябрига белгилаган.

Сайловлар аввал режаланганидан бир ой эрта бўлиб ўтади.

Таҳлилчиларга кўра, сайлов натижалари олдиндан маълум-Александр Лукашенко бешинчи муддатга сайланади.

60 ёшли Лукашенко Беларусни 20 йилдан буён қаттиққўллик билан бошқариб келади.

Лукашенко ҳокимиятга келганидан буён Беларусдаги биронта ҳам сайлов эркин ва демократик деб тан олинмаган.

Москванинг анъанавий иттифоқчиси бўлган жаноб Лукашенко сўнгги пайтларда ғарб билан муносабатларни яхшилаш томон муҳим қадамларни қўйган.

Хусусан, Украинадаги инқироз манзарасида Беларус раҳбарининг тинчликпарварлик ҳаракатлари Лукашенкони "Оврўпонинг сўнгги диктатори" сифатида кўрадиган ғарбда ҳам унга нисбатан муносабатнинг бир қадар юмшашига сабаб бўлгани кузатилади.

Душанба куни Ташқи ишлар вазири Владимир Макей Беларус Оврўпо Иттифоқи ва Қўшма Штатлар билан алоқаларни ривожлантириш истагида эканини айтган.

Унинг сўзларига кўра, Беларус ғарб учун эркин сайловларнинг қанчалик аҳамиятли эканини яхши тушунади ва келаётган президентлик сайловларининг шаффоф ва демократик ўтиши учун барча чораларни кўради.

Ягона номзод

Беларус парламентининг қарори мухолифат партиялари орасида ягона номзодни илгари суриш масаласида мунозараларни авж олдирган.

2010 йилда Лукашенко тўртинчи муддатга президент этиб сайланиши ортидан пойтахт Минскда оммавий норозилик намойишлари бошланиб кетган.

Полиция юзлаб намойишчилар билан бирга сайловларда Лукашенкога рақиб бўлган 9 номзоддан 7 нафарини ҳам ҳибсга олган.

Улардан бири - Николай Статкевич ҳануз қамоқда қолмоқда.

Озодликка чиқарилган бошқа бир мухолифат номзоди Владимир Некляев мухолифатни қамоқдаги собиқ номзод атрофида бирлашишга чақирган.

Инсон ҳақлари ҳимоячиси Людмила Грязнованинг Би-би-сига айтишича, қўшни Украинадаги уруш Лукашенкога норозилик майдонларисиз қайта сайланишни кафолатлайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio