Юнон инқирози: Бош вазир истеъфо бериши мумкин

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ципрас юнонлардан кредиторларнинг таклифларини рад қилишни сўради

Юнонистон Бош вазири Алексис Ципрас якшанба куни қарз инқирози бўйича ўтадиган референдум натижалари ортидан истеъфога чиқишини айтиб огоҳлантирди.

Жаноб Ципрас Оврўпо Иттифоқи таклиф этаётган чораларга юнон халқи “йўқ” деб жавоб берса, яхшироқ ечим топилишига йўл очилишини айтди.

Аксинча, у бюджет харажатларини янада қисқартириш учун лавозимда қолмаслигини билдирди.

Юнонистонни қутқариш йўлидаги Оврўпо Иттифоқи чоралари сешанба куни ниҳоясига етади.

Айни кунда Юнонистон Халқаро валюта жамғармасига 1.6 миллиард евро қарзини қайтариши керак.

Қарз Вашингтон вақти билан соат 18:00да қайтарилиши керак.

Муддат яқинлашиб келар экан, баъзи хабарларга кўра, душанба оқшомида кредиторлар Юнонистонга охирги таклиф билан чиққанлар.

Оврўпо Иттифоқи раҳбарларининг огоҳлантиришича, агар Юнонистон кредиторларнинг таклифларини рад қилса, у Евро ҳудудидан чиқиб кетиши мумкин.

Жаноб Ципрас ўз мамлакати Евро ҳудудидан чиқарилишини истамаяпти.

Ўтган ҳафта Юнонистон ҳукумати ва кредиторлар ўртасидаги музокаралар боши берк кўчага кириб қолиши ортидан Юнонистондаги банклар ёпиқлигича қолмоқда.

Душанба оқшомида давлат телевидениеси орқали чиқиш қилар экан, жаноб Ципрас юнонлардан кредиторларнинг таклифларини рад қилишни сўради.

Унинг айтишича, бу раддия юнонларга музокаралар столига “кучлироқ қуроллар” билан қайтишга имкон беради.

Ўн минглаб юнонлар душанба оқшомида юнон парламенти ташқарисида йиғилиб, ҳукуматга ўз дастакларини изҳор қилдилар.

Сешанба куни эса ҳукуматга қарши намойишчилар кўчаларга чиқиши мўлжалланган.

Евроҳудуднинг баъзи раҳбарлари, жумладан Италия бош вазири ва Франция президенти амалда юнонлар келгуси якшанба куни Евроҳудудда қолиш ё қолмасликни ҳал қилишларидан хавотирларини изҳор қилишди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio