Украина Россия газини сотиб олмасликка қарор қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Украинанинг "Нафтогаз" ширкати 2015 йил 1 июлидан Россия газини харид этишни тўхтатиши ҳақида маълум қилган.

Бунга Украина ва Россия томони газ баҳоси бўйича келиша олмаганлари сабаб бўлган.

Австрия пойтахти Венада Россия, Украина ва Оврўпо Иттифоқи иштирокида Россия газини сотиб олиш бўйича музокаралар бўлиб ўтган.

30 июн куни бесамар якунланган музокараларда 2015 йилнинг учинчи чораги учун Украина харид қиладиган газ нархи муҳокама қилинган.

Россия томони 1000 кубометр газ учун Украина тарафидан 247,18 доллар тўлашни талаб қилган.

Украин расмийлари бу нарх ўзларини қониқтирмаслигини айтишган.

Расмий Киев фикрича, 1000 кубометр Россия гази учун 200 доллар атрофидаги нарх мақбул нархдир.

Украина расмийлари газни Россиядан эмас, бошқа мамлакатдан сотиб олишмоқчи.

"Биз газ сотиб оламиз. Бироқ Россияникини эмас. Нарх бўйича келишгунимизча бошқа манбалардан сотиб оламиз", деб айтган Украина Энергетика ва кўмир саноати вазири Владимир Демчишин.

Ўз навбатида Россия Энергетика вазири Александр Новак Украинага газ нархини 40 доллардан зиёдга пасайтириш ўзини оқламайди деб айтган.

Ўтган йили ҳам Украина учун Россия гази масаласи Оврўпо Иттифоқи воситачилигида муҳокама қилинган ва Россиянинг "Газпром"и газ ҳақини шартнома баҳосидан 100 долларга пасайтиришга кўнган эди.

Жорий йилнинг биринчи чораги охиригача Украина учун 1000 кубометр газ нархи 329 доллар бўлган.

Йилнинг иккинчи чорагида эса чегирма эвазига газ нархи 248 долларни ташкил этган ва Россия Бош вазири Дмитрий Медведев учинчи чоракда 247,18 долларлик нарх таклиф қилган.

Украинанинг "Нафтогаз" ширкатига кўра, ўзлари Россия газини сотиб олмасалар-да, Россиянинг Украина ҳудудидан ўтадиган газ қувурлари орқали Оврўподаги истеъмолчиларга газ етказиб бериш аввалгидек қолади.

Бундан олдинги йилларда фойдаланилган газ ҳақини тўлаш талаби билан Россия Украинага газ узатишни тўхтатиб қўйган ва Украинани Оврўпо мамлакатларига мўлжалланган қувурлардан газ ўғирлашда ҳам айблаган.

Украина Россиянинг ушбу айбловларини рад этган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ