Малайзия БМТдан уриб туширилган МН17 бўйича трибунал тузишни талаб қилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Учоқ ҳалокатига доир халқаро трибунал талаблари янграмоқда

Малайзия БМТ Хавфсизлик кенгашини МH17 йўналишидаги уриб туширилган учоқ бўйича халқаро трибунал тузилишини талаб қилажаги билан огоҳлантирган.

«Боинг» русумидаги йўловчи ташувчи учоқ Украина шарқида ҳужумга учраб, қулаб тушганди.

БМТдаги Янги Зеландия элчиси, айни вақтда Хавфсизлик Кенгашининг президенти Герард ван Боҳеменга кўра, Малайзия уриб тушилган учоқ юзасидан резолюция лойиҳасини тақдим қилиш ҳақида аъзо давлатларни огоҳлантирган.

"Улар учоқ ҳалокатига сабабчи бўлганларни топиб, жиноий жавобгарликка тортиш йўлини қидиришмоқда», деб айтган элчи.

Унинг айтишича, бу режа муаллифлари Ҳолланд, Белгия, Австралия, Малайзия ва Украинадир.

Малайзия Ҳаво йўлларига тегишли "Боинг-777" учоғи Амстердамдан Куала-Лумпур томон парвозда бўлган.

Учоқдаги 298 йўловчи ва экипаж аъзоларининг бари қурбон бўлганди.

Айтилишича, айни учоқ «Бук» русумидаги ҳаво ҳужумларига қарши ҳарбий қурилмадан нишонга олинган.

Учоқ бўлаклари Украина шарқидаги россияпараст бўлгинчиларнинг ҳудудига тушган.

Бўлгинчилар раҳбарлари эса бу ҳалокатга алоқадор эканларини рад этиб келишмоқда.

Айни ҳарбий қурилма Россиядан келтирилгани ҳақидаги даъволарни эса Москва рад қилади ва ҳалокатда Украина ҳарбийларини айблайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.Instagram – BBC UZBEKTwitter – BBC UZBEKOdnoklassniki – BBC UZBEKFacebook- BBC UZBEKGoogle+ BBC UZBEKYouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ