Сурияга қочган лондонлик қизларни эрга беришган

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Чапдан ўнгга: 16 яшар Кадиза Султона, 15 ёшли Амира Абасе ва 15 ёшли Шамима Бегум.

Ўспирин қизлари Лондондаги мактабдаги ўқишини ташлаб Сурияга кетиб қолган оилалар хабардор бўлишича, уч қиздан иккитаси турмушга чиқарилган.

Бу ҳақда ўша оилалар манфаатларини ҳимоя қилаётган юрист Тасмине Акунжи маълум қилган.

Тасмине Акунжи таъриф беришича, қизларининг эрга теккани ҳақидаги хабардан ота-оналари "гангиб қолганлар".

Лондонда нашр қилинадиган Guardian рўзномаси ёзишича, уч қиздан икки нафари қариндошларига қўнғироқ қилганлар.

Икки қиз ўзларининг никоҳ маросимлари бўлиб ўтгани, эрларининг ёши 20 ларда эканини айтганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Бу никоҳ маросимига ўзини "Исломий Давлат" деб атайдиган гуруҳнинг раҳбарлари рухсат берганлар.

Никоҳларнинг "ИД"нинг пойтахтига айлантирилган Суриянинг Раққа шаҳри ичи ёки атрофида бўлиб ўтгани тахмин қилинмоқда.

Оилалар қизлардан қайси бирлари турмушга чиққанини ошкор этмасликни сўраганлар, шу боис оила қурган қизлар исм-шарифлари эълон қилинмаяпти.

Уч лондонлик қизнинг "ИД"га қўшилиш учун кетиб қолгани ҳақидаги хабар бутун мамлакатни ларзага солди.

16 яшар Кадиза Султона, 15 ёшли Амира Абасе ва 15 ёшли Шамима Бегум Лондон шарқидаги Бетнал Грин Академияси ўқувчилари бўлганлар.

Уч қиз 17 феврал куни ғойиб бўлиб қолдилар.

Уларнинг "ИД" сафига қўшилиш мақсадида кетиб қолганлари тахмин қилинди ва қидириш бошланди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Уч қиз Туркиядаги кузатув камерасига тушиб қолган.

Чиндан ҳам Туркиядаги автостанциялардан бирида ўрнатилган кузатув камераси видеосида уч қиз тушиб қолгани топилди ва уларнинг Туркия чегарасидан ошиб Сурияга ўтиб кетгани тасдиқланди.

Май ойида қизлар "Скайп" ва телефон орқали қариндошларига қўнғироқ қилганлар ва ўзларининг хавфсиз эканларини айтган эдилар.

Бетнал Грин Академиясининг ўқувчиси бўлган яна тўрт қизнинг ҳам Сурияга кетиб қолишлари мумкинлигидан маҳкама ўтказилган ва маҳкама бу қизларга хорижга чиқишни тақиқлаган.

Ўспирин қизларнинг ота-оналари ўзларининг фарзандларини йўлдан қайтариб қололмагани учун полицияни айблайдилар.

Скотланд-Ярд маълумотларига кўра, Сурия ва Ироқдаги жанглар бошланганидан буён 600 тача британиялик ўша ҳудудларга борган.

Уларнинг ярми ортга қайтган деб кўрилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer

Бу мавзуда батафсилроқ