Хитой фуқароларини Туркияга борганда эҳтиёт бўлишга ундади

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Туркиядаги намойишчилар

Хитой Туркияга сафар қилаётган фуқароларига аксилхитой намойишлардан узоқ туришни маслаҳат берган.

Ҳафтанинг дам олиш кунлари Туркияда Хитой ҳукуматининг уйғур мусулмонларига қилаётган муносабатига қарши ўтказилган норозилик чиқишларида юзлаб одамлар иштирок этишганди.

Намойишчилар Хитойнинг Истанбулдаги консуллиги биноси қаршисида тўпланишган. Норозилик иштирокчиларидан бири Хитой ресторанларидан бири ойнасини синдирган.

Хитой Ташқи ишлар вазирлиги энди сайёҳларни намойишларни тасвирга олмаслик ва ё ёлғиз юрмаслик юзасидан огоҳлантирмоқда.

Хитой ҳукумати чиқарган баёнотда мусулмонлар диний эркинлигига ҳар доим муҳим эътибор қаратилгани ва ҳурмат қилиниши таъкидланган.

Баёнотга кўра, Пекин Шинжонда Рамазон ойи фарз қилинган диний амалларни тақиқлагани ҳақидаги Ғарб матбуоти хабарлари ҳақиқатга мутлақ мос келмади.

Этник келиб чиқишлари бир бўлган Туркия мусулмонлари ва Хитой уйғурларини яқин маданий-диний ришталар ҳам боғлаб туради.

Ўтган ҳафта Туркия ҳукумати расмий Пекин Рамазон ойи уйғурларга рўза тутишни тақиқлагани борасидаги хабарлар юзасидан Хитой элчисини чақирган ва тушунтириш талаб қилган.

Айни пайтда Туркия таъқиб ва тазйиқлардан қочган уйғурларга бошпана беришга ҳам ваъда қилган. Мухбирларга кўра, бу икки давлат ўртасидаги тарангликни янада кучайтирган. Биз Туркиядаги "Халқаро Туркистонликлар ҳамкорлик жамияти" вакили Намоз Нормўминдан намойишларнинг ташкилотчилари кимлар бўлгани ҳақида сўрадик.

Мултимедиа ўйнаш бу қурилмада дастакланмайди

Охирги йиллар Шинжондаги этник уйғурлар ва Хитой ҳукумати орасидаги танглик кучайган.

Уйғурлар ва минтақага кўчириб ўрнаштирилган хитой ханлари ўртасида келиб чиққан зўравонликларда ўнлаб инсонлар нобуд бўлди.

Хитой ҳукумати бундай ҳужумларда хориждан дастакланган уйғур бўлгинчи диний мутаассибларини айблайди.

Уйғурлар эса, ўз ҳақлари топталаётгани ва қадим маданиятларининг буткул йўқ бўлиб кетишидан хавотирда эканларини айтишади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio