Уйғурларни қайтарган Тайланд консуллиги нишонга олинди

Image caption Намойишчилар Истанбулдаги Тайланд консуллиги биносини вайрон қилишган

Тайланднинг 100дан ортиқ уйғурларни Хитойга қайтариш қароридан ғазабга келган намойишчилар Тайланднинг Истанбулдаги консуллигига ҳужум қилишган.

Намойишчилар консуллик биносининг ойналарини синдирганлар, бино ичкарисидаги мебелларни вайрон қилганлар ва ҳужжатларни кўчаларга отиб юборишган.

Консуллик биносидаги Тайланд байроғи юлиб олинган.

Хабарларга кўра, 9 киши ҳибсга олинган.

Анқарадаги Тайланд элчилиги ўз фуқароларини зўравонликлар эҳтимолидан огоҳлантирган.

Бу сўнгги ҳафталарда Туркияда уйғурларнинг ҳақ-ҳуқуқлари юзасидан юз бераётган навбатдаги намойишлардир.

Ўтган ой Туркиянинг 170 нафар уйғурга бошпана бериш қарори Анқара ва Пекин ўртасидаги дипломатик тангликка сабаб бўлган.

Пайшанба куни Тайланд 109 нафар уйғур бошпана изловчиларни Хитойга қайтарганлигини эълон қилган.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Туркиядаги Хитойга қарши намойишлар зўравонликларга айланиб кетган

Тайланд ҳукумати Хитой уйғурларнинг хавфсизлигини таъминлашга кафолат берганини айтган.

Аммо Хитой ташқи ишлар вазирлиги воизи қонунни бузган уйғурларга чора кўрилишини айтган.

БМТ Инсон Ҳақлари Қўмитаси Тайланднинг қароридан "ларзага тушгани"ни айтган ва буни халқаро қонунларнинг очиқдан-очиқ бузилиши, деб атаган.

Қўмитанинг айтишича, БМТ уйғурлар масаласини Тайланд ҳукумати билан бир неча марта муҳокама қилган ва Тайланд расмийлари қочқинларнинг тақдири "халқаро қонунлар доирасида кўриб чиқилиши ва улар ҳимоя остида бўлишлари"га ишонтирган.

Аҳолиси сони 10 миллион атрофида бўлган Шинжондаги уйғурлар Хитойнинг ўзларига нисбатан диний ва маданий чекловларидан шикоят қилишади.

Мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи арафасида Хитой Шинжондаги давлат хизматчилари ва талабаларнинг рўза тутишларини тақиқлаган ва спиртли ичимликлар ичишни рағбатлантирувчи тадбирлар ўтказилгани ҳақида хабарлар олинган.

Хитойнинг босими остида Малайзия ва Покистон сингари давлатлар қочаётган уйғурларни Хитойга қайтаришган.

Хитой Шинжон минтақасидаги зўравонликларда мусулмон экстремистларни айблайди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio