Уйғурлар деб Туркия-Хитой муносабатлари совуқлашди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Намойишчилар Хитой байроғига ўт беришди

Хитой байроқлари ёқилди, ресторанларига ҳужум қилинди. Хитойлик деган янглиш тахмин билан баъзи сайёҳлар мушт еб қолишди. Бутун Туркия бўйлаб аксилхитой норозилик чиқишлари кузатилди.

Сўнгги 10 кун давомида мамлакатда Хитойга қарши кайфиятлар кучайди.

Этник келиб чиқиши бир бўлган уйғурлар ва турк мусулмонларини яқин маданий ва диний ришталар боғлайди. Уйғурлар аксари эса, Хитой ғарбидаги узоқ Шинжон вилоятида истиқомат қиладилар.

Норозиликлар Хитой ҳукумати муқаддас Рамазон ойи уйғурларга рўза тутишни тақиқлагани ҳақидаги хабарлар ортидан бошланди.

Маълумки, бу ой дунё бўйлаб мусулмонлар кун ёруғида еб-ичишдан тийиладилар.

"Шинжон минтақасидаги уйғур туркларига рўза тутиш ва бошқа диний фарз амалларини бажариш тақиқлангани борасидаги хабарлар халқимизни қайғуга солди", дейилади Туркия Ташқи ишлар вазирлиги ўтган ҳафта чиқарган баёнотда.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Норозиликлар Хитой ҳукумати муқаддас Рамазон ойи уйғурларга рўза тутишни тақиқлагани ҳақидаги хабарлар ортидан бошланди

Бунга жавобан, Хитой ҳукумати мамлакатда мусулмонлар диний эътиқодлари тўла ҳурмат қилиниши ва Рамазон ойи Шинжонда диний амаллар ман қилингани борасидаги хабарлар хақиқатга мос эмаслиги, бу Ғарб матбуоти томонидан бўрттирилганини айтиб чиқди.

"Бирон бир давлат органи, жамоат ташкилоти ва ё бирон бир шахс фуқароларни динга ва ё динсизликка мажбурлай олмайди. Улар диндорлар ёки динсизларни ажратиб таҳқирламайдилар ҳам", дейди Хитой тарафи.

Ресторанга ҳужум

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Ҳужумга учраган ресторан хўжайини

Жиҳан Явузнинг Истанбулдаги хитойча ресторани ўтган ҳафта норози одамлар ҳужумига учради.

"Одамлар бу ерга келишдан қўрқиб қолишди. Яна ҳужум бўлишидан ҳадиксирашяпти", дейди у.

"Агар одамлар Хитой ҳукуматига қарши норозилик билдиришни хоҳлашса, элчихона қаршисида намойиш қилишсин. Норозилик баҳонасида зўравонлик қилиш тўғри эмас", дея қўшимча қилади Явуз жаноблари.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Норозиликларга қарамай, хитойлик сайёҳлар Истанбулни севишларини айтишади

Ўтган шанба Истанбулда Миллатчилик Ҳаракати партияси (MHP)нинг ёшлар қаноти - "Бўзқуртлар" ("Кулранг бўрилар") шаҳарда юриш ўтказган пайт яна тартиббузарликлар кузатилгани хабар қилинди.

Хитой сайёҳларига ҳамроҳлик қилувчи Мирай Ҳамит 4-5та одам ўзи олиб юрган гуруҳга пичоқ билан ҳужум қилганини айтади.

"Улар биздан қаерлик эканимизни сўрашди. Хитойдан эканимизни билишгач, бировимизни калтаклай кетишди. Турк гид ва мен ҳужумни тўхтатишга уриндик. Ҳаммамиз қўрқиб кетгандик. Биримиз жароҳат олдик. Яхши ҳамки, жиддий шикаст етмади. Аммо, мен ҳам мушт едим", дейди аёл.

Мирайнинг айтишича, ҳужумчиларнинг "Бўзқуртлар"га алоқаси бўлмаслиги ҳам мумкин.

'Биз Туркияга ишонамиз'

Image caption "Бўзқуртлар"нинг Истанбулдаги раҳбари Аҳмет Йигит Елдирим

Турк матбуоти "Бўзқуртлар" юриши пайти бир гуруҳ корейс сайёҳларига ҳам хитойлик деган гумон билан ҳужум бўлгани ҳақида ёзди. Аммо, гуруҳнинг ўзи бу айбловларни рад қилади.

"Бўзқуртлар"нинг Истанбулдаги раҳбари Аҳмет Йигит Елдиримга кўра, аслида норозилик иштирокчилари ва полиция ўртасида жанжал келиб чиққан, аммо бирон бир сайёҳга зиён етказилмаган.

"Мамлакатимизга келаётган ҳар сайёҳнинг хавфсизлиги бизнинг масъулиятимиздир. Биз ҳеч қандай зўравонликка тоқат қилмаймиз", дейди у. Полиция манбалари эса, Би-би-сига гапирмадилар. Бироқ, Истанбулдаги Корея элчилиги шаҳарда бирон бир корейсга ҳужум бўлгани хусусида бирон бир шикоят ёки хабар олмаганини айтди.

Турк матбуоти ва Миллатчилик партияси раҳбари кореяликлар хитойлик дея адаштирилган бўлиши мумкинлигига ишора қилган. Аммо, Хитой сайёҳлари Туркиядаги аксилхитой кайфиятлардан қўрқаётган кўринмайди.

"Биз нималар бўлаётганидан бохабармиз. Аммо, биз бирон бир муаммога дуч келмадик. Биз Туркияга ишонамиз. Турклар бизга дўстона муносабатда бўлишди", дейди сайёҳлардан бири.

Ўтган ҳафта Хитой ҳукумати ўз фуқароларига Туркияга сафар қилишга эҳтиёт бўлиш юзасидан маслаҳат берди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи BBC World Service
Image caption Уйғурлар...

Уйғурлар кимлар?

*Уйғурлар этник турклар, Исломга эътиқод қилишади;

*Шинжон аҳолисининг 45 фоизини уйғурлар, 40 фоизини эса, хитой ханлари ташкил қилади;

* Шинжон ва ё Уйғуристоннинг иқтисоди асрларки асосан савдо ва қишлоқ хўжалигига таяниб келган. Қашқир каби йирик шаҳарлари эса машҳур Ипак йўлида жойлашгани учун у ерда савдо-сотиқ ривожланган;

*Йигирманчи асрнинг бошларида уйғурлар қисқа муддат мустақил бўлишган. Аммо 1949 йилга келиб Хитой коммунистлари оз умр кўрган Шарқий Туркистон давлатини ишғол қилиб, назорат ўрнатишади. Расман Хитой Шинжонни худди Тибет каби мухтор минтақа деб атайди.

*Ўшандан бери минтақага катта сондаги ханлар кўчириб келинган. Ва уйғурлар ўз маданиятлари йўқолиб кетишидан хавотирга тушишган.

'Нега соқолинг бор?'

Туркия Хитойдан қочадиган уйғурлар энг кўп бошпана топадиган манзиллардан биридир.

2009 йил ўша пайтдаги бош вазир ўринбосари Булент Аринч Туркияда 300, 000дан ортиқ уйғурлар борлигини айтганди.

2006 йилдан бери Хитойда яшаётган турк академиги Меҳмет Сўйлемезга кўра, айниқса, кейинги икки йил асносида қочқинлар сони ортган.

"Уйғурлар Хитойда диний чекловлар ва ё ижтимоий тенгсизлик боис хотиржам ҳаёт кечира олмайдилар. Ўзини босим остида ҳис қилганлар ёки қамоқда ўтириб чиққанлар мамлакатни тарк қилишни афзал билишади", дейди у.

2014 йил декбаридан бери Туркияда яшаётган уйғурлардан бири "шафқатсиз"ликларни бошидан кечиргани ҳақида айтади. У номини ошкор қилишни истамайди.

"Ўтган йили муқаддас Рамазон кечаларидан бирида 50 кишича яқинларимиз билан ифторга йиғилгандик. Қизим бизни аскарлар ўраб олганларини айтди. Улар бизни ушлаб кетишди ва эрталабгача сўроқ қилишди. Бизни қўйиб юбориш учун ҳар биримиздан 1,000 доллардан сўрашди".

Image caption Шинжондаги мана бу тарғибот расмда махфий равишда никоҳдан ўтиш Хитой қонунларига зид экани урғуланган

"Тўрт-бешта дўстингиз билан тўплансангиз, намоз ўқисангиз, улар эшикни бузиб кирадилар ва сўроқ қила бошлайдилар. "Нега соқолинг бор? Нима учун Қуръон ўқияпсан? Нега аёлинг ўранган?" деб сўрайдилар", қўшимча қилади суҳбатдош.

"Кейин сизни ҳибс қиладилар. Улар, ҳатто, 10 ёшли ўғлимни тўрт нафар дўсти билан бирга қзлга олишган", дейди у.

Суҳбатдошимиз Туркияга Ветнам, Тайланд, Камбоджа ва Малайзия орқали етиб келган.

Ҳозир у хотини, тўрт боласи билан бирга Истанбулдаги хонадонлардан бирида истиқомат қилади. У ерда яна бешта уйғур оиласи бор.

Хитой ҳукумати Шинжондаги уйғурлар жамоаси учун турли қоилалар жорий қилиш билан диний амалларни назорат қилишга уринади.

Танқидчилар мазкур ҳолат фақат вазиятни янада ёмонлашишига хизмат қилишини айтишади.

'Ватанимни соғинаман'

Сўнгги икки йилда мусулмон уйғурлари ва хитой ханлари ўртасида келиб чиққан зўравонликлар ортидан Рамазон ойи Шинжонда ўта нозик пайтга айланган. Хитой ҳукумати бундай амалларга исломий экстремистларни айблаб келади.

Зўравонликлар юзлаб инсонлар умрига зомин бўлган.

Хитой ҳукумати мамлакатдаги мусулмонларга қарши босимлар бўлаётгани борасидаги айбловларни рад қилади.

Аммо, биз билан сўзлашган уйғурлардан бири юртига қайтиш нияти йўқлигини айтади.

"Ватанимни соғинаман. У мен туғилиб ўсган жой. Аммо, Туркияда яхши яшаяпман. Эркинман. Истаганимдек кийинишим мумкин. Диним фарзларини бажара оламан. Ортга қайтсам, мени қамоққа ташлайдилар", дейди у.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ