Таиланд хунтаси уйғурлар борасидаги ўз қарорини оқлаб чиқди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

БМТ, АҚШ ва халқаро инсон ҳуқуқлари ташкилотлари томонидан кенг қораланаётган уйғурларни Хитойга депортация қилиш борасидаги ўзининг қарорини Таиланд раҳбарияти ҳимоя қилиб чиқди.

Агар Хитойга қайтарилсалар, таъқибларга учраши эҳтимоли борлиги ҳақидаги огоҳлантиришларга қарамасдан, Таиланднинг ҳарбий ҳукумати 9 июл куни 109 уйғур бошпана изловчиларни Хитойга қайтарганлигини эълон қилди.

Бу хабар Туркияда ғазабнок кутиб олинди ва намойишчилар Таиланднинг Истанбулдаги консуллигига ҳужум қилдилар.

Намойишчилар консуллик биносининг ойналарини синдирганлар, бино ичкарисидаги мебелларни вайрон қилганлар ва ҳужжатларни кўчаларга отиб юборишган.

Консуллик биносидаги Тайланд байроғи юлиб олинган.

Хабарларга кўра, консулликда зўравонликларда алоқадор кўрилиб тўққиз киши ҳибсга олинган.

Таиланд ҳукумати матбуот котибининг ўринбосари полковник Вирачон Сухондхапатипак журналистларни тўплаган ва ўзларининг қарори борасида изоҳ берган.

"Таиланд уйғур мусулмонлари муаммосини ҳал этиш учун Хитой ва Туркия билан бирга иш олиб борди. Биз уларнинг қайси мамлакат фуқаролари эканини аниқлаганимиздан кейин Хитойга қайтариб юбордик", деб айтган полковник Вирачон Сухондхапатипак.

Таиланд расмийларига кўра, Хитой ҳукумати уйғурларнинг хавфсизлигини таъминлашга кафолат берган.

Аммо Хитой ташқи ишлар вазирлиги воизи қонунни бузган уйғурларга чора кўрилишини айтган.

БМТ Таиланднинг қароридан "ларзага тушгани"ни айтган ва буни халқаро қонунларнинг очиқдан-очиқ бузилиши, деб атаган.

БМТ Инсон ҳақлари қўмитаси айтишича, БМТ уйғурлар масаласини Таиланд ҳукумати билан бир неча марта муҳокама қилган ва Таиланд расмийлари қочқинларнинг тақдири "халқаро қонунлар доирасида кўриб чиқилиши ва улар ҳимоя остида бўлишлари"га ишонтирган.

Аҳолиси сони 10 миллион атрофида бўлган Шинжондаги уйғурлар Хитойнинг ўзларига нисбатан диний ва маданий чекловларидан шикоят қилишади.

Мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи арафасида Хитой Шинжондаги давлат хизматчилари ва талабаларнинг рўза тутишларини тақиқлаган ва спиртли ичимликлар ичишни рағбатлантирувчи тадбирлар ўтказилгани ҳақида хабарлар олинган.

Хитойнинг босими остида Малайзия ва Покистон сингари давлатлар қочаётган уйғурларни Хитойга қайтаришган.

Хитой Шинжон минтақасидаги зўравонликларда мусулмон экстремистларни айблайди.

Охирги ҳафталарда Туркиянинг бир неча шаҳарларида қатор ташкилотлар норозилик намойишлари ташкил қилишган, Хитой ҳукуматидан уйғурларга босимларни тўхтатишга чақирганлар.

Туркиянинг уйғурларга бошпана бериш қарори Пекин билан расмий Анқара муносабатларини совуқлаштирган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ