Таиланддан депортация қилинган уйғурлар жиҳодда айбланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Бундан олдин БМТ, АҚШ ва халқаро инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилотлари уйғурлар Таиланддан депортация қилинса, Хитойда қийноқларга дуч келишларини айтиб, хавотир билдирган эдилар.

Хитойнинг Синхуа агентлиги хабар қилишича, Таиланддан чиқариб юборилган 100 дан ортиқ уйғурлар жиҳодчиларга қўшилиш ниятида Яқин Шарққа қараб йўналган бўлганлар.

Давлат телевидениеси шунингдек, қочқин уйғурларнинг Хитойга етказилгани ҳақидаги лавҳаларни кўрсатган.

Қочқин уйғурларнинг ҳаммаси бошларига елим халталар кийгизилган ҳолатда, ўнлаб полициячи ҳамроҳлигида учоқда олиб келингани намойиш қилинган.

Бундан олдин БМТ, АҚШ ва халқаро инсон ҳақларини ҳимоя қилиш ташкилотлари уйғурлар Таиланддан депортация қилинса, Хитойда қийноқларга дуч келишларини айтиб, хавотир билдирган эдилар.

Кўпчилик томонидан уйғурлар шунчаки Хитой ҳукумати таъқиблари туфайли Шинжондан қочиб чиққанларига ишонилади.

Уйғурларни Хитойга бермасликни сўраб қилинган халқаро мурожаатларга қарамасдан, Таиланд ҳукумати Пекин уйғурларнинг хавфсизлигини таъминлашга кафолат берганини айтган ва ўзининг уйғурларни Хитойга депортация қилиш борасидаги қарорини оқлаган.

Бироқ Хитой ташқи ишлар вазирлиги воизи қонунни бузган уйғурларга чора кўрилишини маълум қилган.

Таиланд ҳарбий ҳукумати қарори билан 9 июл куни 109 уйғур бошпана изловчилар Хитойга қайтарилганини билдирди.

БМТ Таиланднинг уйғурларни Хитойга бергани қароридан "ларзага тушгани"ни айтган ва буни халқаро қонунларнинг очиқдан-очиқ бузилиши, деб атаган.

Уйғурларнинг депортацияси Туркияда ғазабнок кутиб олинди ва Таиланднинг Истанбулдаги консуллигига ҳужумларни келтириб чиқарди.

Намойишчилар консуллик биносининг ойналарини синдирганлар, бино ичкарисидаги мебелларни вайрон қилганлар ва ҳужжатларни кўчаларга отиб юборишган.

Консуллик биносидаги Тайланд байроғи юлиб олинган.

Уйғурлар

Аҳолиси сони 10 миллион атрофида бўлган Шинжондаги уйғурлар Хитойнинг ўзларига нисбатан диний ва маданий чекловларидан шикоят қилишади.

Хитой ҳукумати таъқибларидан қочиб чиққан уйғурларнинг ўзлари ҳеч қандай жиҳодга қўшилиш ниятлари йўқлигини айтишади.

Мусулмонларнинг муқаддас Рамазон ойи арафасида Хитой Шинжондаги давлат хизматчилари ва талабаларнинг рўза тутишларини тақиқлаган ва спиртли ичимликлар ичишни рағбатлантирувчи тадбирлар ўтказилгани ҳақида хабарлар олинган.

Хитойнинг босими остида Малайзия ва Покистон сингари давлатлар қочаётган уйғурларни Хитойга қайтаришган.

Хитой Шинжон минтақасидаги зўравонликларда мусулмон экстремистларни айблаб келади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio