Юз минглаб яҳудий ўлимига алоқадор "Освенцим бухгалтери"га ҳукм ўқилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Оскар Гренинг қамоқ жазосини ўтамаслиги мумкин

Олмония суди Освенцимдаги нацистлар концлагерининг 94 ёшли собиқ бухгалтерини камида 300 минг яҳудийнинг ўлимига алоқадорликда айбдор деб топди.

"Освенцим бухгалтери" дея ном чиқарган Оскар Гренинг тўрт йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилди.

Гренинг Освенцимда ишлаган икки йили давомида концлагернинг тутқунларидан мусодара қилинган пуллар ва мулкни ҳисоб-китоб қилиб борган.

У ахлоқий жиҳатдан ўз айбига иқрор бўлган, бироқ Холокостдаги иштироки учун ҳуқуқий масъулиятни бўйнига олишдан бош тортган.

Унинг адвокатлари Гренинг геноцидда иштирок этмаганини айтганлар, аммо прокурорларга кўра, у ўз хизмати билан концлагернинг фаолиятига ҳисса қўшган.

Суд ҳукмига қарамай, Гренинг улуғ ёши сабаб қамоққа олинишига шубҳа қилинмоқда.

Image caption Оскар Гренингнинг уруш даврида тушган сурати

Қандай бўлмасин, у суд қаршисида ўз қилмишлари учун жавоб берган Иккинчи Жаҳон Урушининг энг охирги нацист жиноятчиларидан бири бўлади.

"Газ камераларини ўз кўзим билан кўрганман"

Олмония шимолидаги Люнебург шаҳрида ўтган судда Освенцимнинг бир неча собиқ тутқунлари гувоҳ сифатида чиқиш қилганлар.

Судга тортилган бошқа собиқ ҳарбий жиноятчилардан фарқли ўлароқ, Оскар Гренинг концлагердаги фаолияти ҳақида очиқча гапириб келган.

У бу билан Холокост бўлганини рад қилувчи одамлар овозини ўчиришга уринганини билдирган.

"Мен газ камераларини ўз кўзим билан кўрганман. Мен жасадлар ёқиладиган хоналарни кўрганман. Одамларни газ камераларига юбориш учун танлаганларида, шахсан ўзим платформада турганман", - деб айтган у Би-би-сининг 2005 йилда олинган "Освенцим: нацистлар ва якуний қарор" номли ҳужжатли филмида.

1940-1945 йилларда Полшанинг Освенцим шаҳрига яқин нацистларнинг Аушвиц-Биркенау концентрацион лагерида асосан яҳудий бўлган миллиондан ортиқ одам ўлдирилган ё нобуд бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio