Собиқ ДХР мудофаа вазирини маҳкамага беришди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

2014 йил ёзида Украина осмонида уриб туширилган MH17 йўловчи учоғи йўловчилари қариндошлари ўзини Донецк Халқ республикаси мудофаа вазири деб тақдим қилган Игор Гиркин устидан Америка маҳкамасига мурожаат қилганлар.

Игор Гиркин ўзини Игор Стрелков деб тақдим қилади.

Аризани Malaysia Airlines учоғида бўлган 18 йўловчи қариндошлари ёзганлар.

Даъво аризаси ёзганларга кўра, "Боинг" учоғини ўзини "Донецк Халқ республикаси" армияси деб атаган ҳарбийлар хато туфайли уриб туширганлар.

Бу пайтда Игор Гиркин "ДХР мудофаа вазири" бўлган ва шунинг учун у рўй берган ҳодиса учун бевосита буйруқ берган-бермаганидан қатъи назар шахсан жавоб бериши лозим, дейдилар даъвогарлар.

Маҳкамага аризада ёзилишича, Игор Стрелков-Гиркин ўзининг амалларини Москва билан маслаҳатлашиб қилган.

Унинг қўл остидагилари эса учоқ ҳалокатга учраганидан кейин йўловчиларга тегишли буюмларни ўғирлаш билан шуғулланганлар.

Аризачилар Malaysia Airlines ширкатига нисбатан ҳам чора кўрилишини истайдилар.

Чунки, улар фикрича, уруш кетаётган жой устидан учоқ парвозини режалаштиргани учун авиаширкат ҳам инсонлар ўлими учун масъулдир.

Даъво аризасида товон пули суммаси ёзилмаган.

Бироқ адвокатлардан бирининг Британияда нашр қилинадиган Daily Telegraph рўзномасига айтишича, гап қарийб бир миллиард доллар товон пули ҳақида кетмоқда.

Даъво аризаси Иллинойс штатидаги Шимолий округ федерал маҳкамасига топширилган.

Аризачилар фикрича, Malaysia Airlines АҚШда фаолият юритгани боис ушбу иш Америка маҳкамасида кўриб чиқилмоғи лозим.

Шунингдек, айрим учоқ чипталари АҚШ ҳудудида сотиб олинган бўлган ва Америка қонунчилиги хорижда содир этилган жиноятларни кўриб чиқишга изн беради.

2014 йил 17 июл куни Амстердамдан Куала-Лумпурга парвоз қилган Boeing 777 учоғи Донецк осмонида учиб ўтаётган пайти уриб туширилган.

Учоқда бўлган 298 инсоннинг ҳаммаси ҳалок бўлган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ