Россия мухолифатчиси Мария Гайдар Одессада Саакашвилига муовин бўлди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Mikheil Saakashvili

Россиянинг мухолифатчи сиёсатчиси Мария Гайдар Украинанинг Одесса шаҳри губернатори Михаил Саакашвилига ёрдамчи этиб тайинланди.

"Мен ҳали бундай жамоада ишлаб кўрмаганман. Биз ҳақиқий ислоҳотларни амалга оширамиз", - деди у Одессада ўтган маросимда.

"Россиянинг энг ёрқин сиёсатчиларидан бири бизнинг сафимизга қўшилаётгани биз енгилмас эканимизни кўрсатади", - деди уни оммага тақдим қилган Саакашвили жаноблари ва унга Украина фуқаролигини олиб беришга ваъда берди.

Гуржистоннинг собиқ президенти Саакашвили Украина президенти илтимоси билан 30 майда Одесса губернатори лавозимига тайинланганди.

33 ёшли Мария Гайдар 1992 йилда Россия бош вазири бўлган марҳум Егор Гайдарнинг қизидир. "Мен Егор Гайдарни шахсан таниганман", - деди жаноб Саакашвили ўз ёрдамчисининг отасини хотирлай туриб.

Мария Гайдар "Социальный запрос" номли ижтимоий кўмак жамғармасининг асосчиси ва раҳбаридир. У Президент Владимир Путиннинг ашаддий танқидчиларидан.

Ўтган йил октябрида унинг уйида тинтув ўтказилган. Расмий версияга кўра, тинтув мухолифатчи Алексей Навальныйнинг суд иши билан боғлиқ бўлган.

Мария Гайдар эса бу тинтув ўзининг мухолифатчилик фаолияти туфайли қилинганини даъво қилган.

2013 йил июлида Гайдар хоним "Киров ўрмони" суд ишида Алексей Навальный фойдасига гувоҳлик кўрсатмасини берганди.

Айни дамда, жума куни эрталаб Украина ташқи ишлар вазирлиги Одессадаги Россия консуллигида бош консул вазифасини ўтаётган мулозимни персона нон грата (мамлакатга киритилиши ман этилувчи шахс) деб эълон қилди.

Россия Ташқи ишлар вазирлиги мазкур эълонни "нодўстона қадам" дея қабул қилгани ва бунга жавобан чоралар кўрилишини билдирди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio