MH17 учоғи ҳалокати қурбонлари хотирланмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters

Амстердамдан Куала-Лумпурга парвоз қилган Боинг учоғи Донецк осмонида уриб туширилганига бир йил тўлди.

2014 йил 17 июл куни тушдан кейин рўй берган ҳалокатда 298 инсон ҳаётдан кўз юмган.

Бугун ушбу йирик ҳалокат қурбонларини хотирлаш маросимлари бутун дунё бўйлаб ўтказишга қарор қилинган.

Шундай маросимлардан дастлабкиси Австралияда бўлиб ўтган.

Malaysia Airlines авиаширкатининг Boeing 777 учоғида бўлган 38 инсон Австралия ватандошлари бўлганлар.

Канберра шаҳридаги Австралия парламенти биноси олдида қурбонлар хотирасига бурчак ташкил қилинган, мамлакат сиёсатчилари шу ерда ҳалок бўлганлар хотирасига ҳурмат бажо келтирганлар.

Учоқ бортида Ҳолландия, Малайзия, Британия, Белгия, Канада, Индонезия, Олмония, Янги Зеландия ва Филиппин фуқаролари парвоз қилаётгандилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

16 июл куни учоқдаги йўловчиларнинг қариндошлари АҚШ маҳкамасига ўзини "Донецк Халқ республикаси мудофаа вазири" деб эълон қилган Игор Стрелков-Гиркин устидан даъво аризасини топширганлари хабари тарқалди.

Қариндошлар фикрича, йўловчи учоқни донецклик исёнчилар хато туфайли ракета билан уриб туширганлар ва бевосита буйруқ берган-бермаганидан қатъи назар, Игор Стрелков-Гиркин ушбу ҳалокат учун масъулдир.

Шунингдек, Австралия, Малайзия, Ҳолландия ва Украина раҳбарлари БМТга мурожаат қилдилар ва Боинг учоғини уриб туширган айбдорлар учун халқаро трибунал ташкил қилиш таклифини илгари сурдилар.

Россия Президенти Владимир Путин ушбу масалада Нидерландия Бош вазири Марк Рютте билан мулоқот қилгани ҳамда бундай трибунал тузилишига қарши чиққани хабар қилинди.

Президент Путин фикрича, бундай маҳкама ташкил қилишга ҳали эрта ва бу акс самара беради.

Ҳалокат бир йиллиги муносабати билан дунё сиёсатчилари айбдорларни жазога тортиш чақириқлари билан чиққанлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ