"Инқироздан қутқариш режаси барбод бўлишга маҳкум"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Юнонистон собиқ молия вазири Янис Варуфакиснинг сўзларига кўра, мамлакатини молиявий инқироздан қутқариш ва евроҳудудан чиқишдан сақлаб қолиш Оврўпо режаси бошланмасидан туриб, барбод бўлишга маҳкумдир.

Жума куни Олмония парламенти депутатлари Юнонистонга 86 млрд евро( 60 млрд доллар) миқдорида қўшимча молиявий кўмак ажратиш бўйича музокараларни давом эттириш учун қайтадан овоз бердилар.

Би-би-си билан суҳбатда собиқ вазир бу дастурни ким ижро этишидан қатъий назар мағлубиятга учраши муқаррардир, деб айтди.

Бу дастур қанча вақт талаб қилиши мумкин, деган саволга , у аллақачон барбод бўлди, деб жавоб қайтарди жаноб Варуфакис.

Хусусан, собиқ молия вазири Янис Варуфакиснинг ВВСга айтишича, янги режа фалокатлидир ва бу режа амалга ошишига бош вазирнинг ўзи ҳам ишонмайди.

Янис Варуфакис Юнонистонда қарз инқирозидан чиқиш бўйича ислоҳотларга қарши ўтказилган референдум ўтказилиши биланоқ, истеъфо берган эди.

Юнонистонни инқироздан қутқаришга қаратилган янги халқаро кўмак режаси собиқ вазирлар томонидан қаттиқ танқидга тутилган. Бу режага қарши чиққан вазирлар ўз истеъфоларини эълон қилган эдилар. Жума куни Юнонистон Бош вазири Алексис Ципрас кредиторлар билан келишувга қарши овоз берган яна ўн депутатни истеъфога чиқарган.

22 июлда Юнонистон парламенти қўшимча ислоҳотларни тасдиқлашлари керак бўлади, шундан сўнг Евро пул бирлиги муомалада бўлган мамлакатлар молия вазирларининг Юнонистонга учинчи қарзни ажратиш бўйича музокаралари бошланиши кутилади.

Хабар қилинишича, кредиторлар талаб қилаётган янги режада бир неча таклиф борки, яқинда ўтказилган референдумда халқ ана шу амалларга қарши чиққан.

Таҳлилчилар фикрича, Бош вазир Алексис Ципрас Юнонистонни Евро зонасидан чиқариб юборилиши олдини олиш мақсадида Оврўпо Комиссияси, Оврўпо Марказий Банки ва Халқаро Валюта жамғармаси талаб қилаётганидек солиқларни оширишга, пенсия тизимини ислоҳ қилишга рози бўлишига тўғри келган.

"Сириза" партияси раҳбари, жорий Бош вазир Алексис Ципрас Юнонистонга берилган қарзлардан қутулиш ваъдаси билан сайловларда ғалаба қозонганди.

Душанба кундан бошлаб Юнонистон банклари қайтадан иш бошлаши айтилган.

Бироқ Юнон ҳукуматига кўра, мамлакат аҳолиси учун белгиланган кунига 60 евро нақд пул чиқариб олиш шарти дарҳол бекор қилинишининг ҳозирча иложи йўқ. Бу босқичма-босқич амалга оширилади.

Олдинроқ, Евроҳудуд молия вазирлари Юнонистонга 7 млрд евро қарз беришга келишганлар. Бунга Юнонистон парламенти кредиторлар талаби билан Бош вазир Ципрас илгари сурган ислоҳотлар пакетини қаттиқ баҳс-мунозаралардан сўнг маъқуллаб овоз беришлари орқасидан келинган.

Шу тариқа, Юнонистон душанба кунгача Оврўпо Марказий Банки ва Халқаро Валюта Фонди қарзларидан қисман қутилиш имконига эга.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio