Ҳиндистонга Порси чақалоқлар нега керак?

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

Персис Аспи Камахон қизалоғини қучиб тўймайди.

"Оила қуриб 11 йилдан кейин тилаб олган мўъжизам", - дейди у. - Қўлимизга Кўҳинур жавоҳири келиб тушгандек".

Камахон ва унинг турмуш ўртоғи бисотларидаги ҳамма нарсани фарзанд кўриш йўлида сарфлашди, охир-оқибат умидни узишди. Худди шу вақтда ҳукумат томонидан қўлланган зардўштларнинг каттароқ оилали бўлишга тарғиб қилувчи Жиё Парси лойиҳаси ҳақида билиб қолишди.

Лойиҳада ишловчи шифокор билан боғланишди, у муаммони ўрганиб, ечим топишга уринишга ваъда берди.

Унинг қизи Ҳурфия октябрда туғилди. У Жиё Парси лойиҳаси доирасида туғилган 30 гўдакдан бири. Лойиҳа оилаларнинг молиявий шароитидан келиб чиқиб сунъий равишда ҳомила пайдо қилиш тиббий жараёни учун маблағ ажратади. Мақсад келгуси беш йил мобайнида порсилар учун 200 фарзанд "туҳфа" қилиш.

Тахминларга кўра, ҳозирда Ҳиндистонда 60 минг порси яшайди. 1940 йилларда уларнинг сони бундан икки баробар кўп эди. Ҳар бир туғилаётган порсига оламдан ўтаётган 4 порси тўғри келади.

Нима учун аҳоли сони ўсиши муаммолари билан юзма-юз келаётган Ҳиндистон ҳукумати ушбу жамоа сонининг камайишига бу қадар жиддий эътибор қаратмоқда?

"Уларнинг сақланиб қолишларини истайман, - дейди Ҳиндистон Миллий озчиликлар вазири Нажма Ҳебтулла. - Порсилар Ҳиндистон тарихига улкан ҳисса қўшаганлар. Кўплаб таниқли шахслар, сиёсатчи ва ҳуқуқшуносларни етказиб беришган".

Ҳиндистон порсиларининг аксар қисми Мумбайда яшайдилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи ROHIT GHOSH
Image caption Порсилар ибодатхонаси

VII асрда бир гуруҳ зардуштийлар тазйиқлардан қочиб, Эрондан Ҳиндистоннинг ғарбий соҳиллари, Гужаратга келиб жойлашганлар.

XVII асрда улар Мумбайга ҳижрат қилиб, оташпарастлик ибодатхонларини қуриб, ,ританияликлар билан иттифоққа кирдилар.

Порсилар Ҳиндистондаги бошқа жамоларга қараганда анчайин ғарблашганлар. Шунинг учун уларнинг сони ҳам камайиб бормоқда.

Уй олишга маблағ йиққунга қадар, оила қуришни кечиктириб турадилар. Фарзандалари учун яхшироқ таълим олиш имкониятларини яратиш учун камроқ фарзанд кўришга ҳаракат қиладилар. Порси аёллари касб-ҳунар соҳасида анчайин илғор бўлиб, оила қуришга у қадар ҳам эҳтиёжлари катта эмас. Бундан ташқари, оила қурмасанг ҳам, ҳеч ким сени танқид қилмайди. Порсиларнинг 30 фоизи оилали эмаслар.

Зардўштийлик жаҳоннинг энг қадимий монотеистик динларидан биридир. Бу динга эътиқод қилувчиларга кўра, Ахура Мазда номли ягона худо мавжуд. Ушбу динга бундан 3500 йил аввал Эрон ҳудудида Зардўшт асос солган деб кoрилади. Бир замонлар жаҳондаги энг қудратли динлардан бири бўлган зардўштийлик ҳозирда энг кичик динлардан биридир.

Зардўштийлар бугун асосан икки гуруҳга бўлинадилар, Эронликлар ва Порсилар. Ҳозирда жаҳон бўйлаб 110 минг порси истиқомат қилиши тахмин қилинади. 2006 йили New York Times рўзномаси зардўштийларнинг жаҳон бўйлаб сони 190 минг, дея хабар берган.

Улар оташпарастлик ибодахонларида худонинг иродаси белгиси сифатида кўрилган ёруғлик ё-да оташга сиғинадлар.

Ҳиндистонда уларнинг йўқ бўлиб кетишлари борасидаги хавотирлар ортидан кимни порси дея ҳисоблаш мумкинлиги ҳақида баҳслар юзага чиқди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Jiyo parsi community campaign
Image caption Жиё Парси лойиҳаси порсиларни кўп фарзанд кўришга рағбатлантиради.

Порсиларнинг учдан бир қисми порси бўлмаганлар билан оила қуришади. Порси эркагининг фарзандлари ким билан оила қуришидан қатъи назар ҳамиша порси ҳисобланадилар. Лекин порси аёл бошқа жамоа вакили билан оила қурса, унинг фарзандлари порси ҳисобланмайди.

Гулруҳ Гупта 1991 ҳинд йигитига эрга тегди. 2003 йилга қадар ота-онаси яшайдиган Гужаратдаги зардўштийлар ибодатхонасига боришига ҳеч ким тўсқинлик қилмаган. Лекин ҳозирда маҳаллий зардўштийлар маъмурияти унга ўхшаш бошқа дин вакили билан турмуш қурганлар ибодатхонага келишлари мумкин эмас, дея қарор чиқарган. Гулруҳ ота-онаси оламдан ўтган вақтда уларни зиёрат қилиш ҳуқуқидан мосуво бўлишидан хавотирда.

Унинг икки опаси ҳам порси бўлмаганлар билан турмуш қуришган. Гулруҳ зардўштлар маъмурияти қарорини камситувчи дея ҳисоблаб, беш йилдан бери маҳкамада курашиб келмоқда. Ҳукуматнинг Жиё Порси лойиҳасини ҳам у танқид остига олади, чунки унга мувофиқ фақатгина порсилар билан турмуш қурганларга ёрдам бериш назарда тутилган.

Лекин анъанадор порсилар фикрича, ҳамма нарса айнан шундай бўлиши керак. Уларга кўра, нима бўлганда ҳам, кимни порси, дея кўриш керагу-кимни кўриш керак эмаслиги борасида қонунни ўзгартирган билан уларнинг сони ўсишига катта таъсир кўрсатмайди.

24 ёшли Рия (исми ўзгартирилган - Би-би-си) Мумбайдаги порси жамоаси орасидан ўзига муносиб қаллиқ қидирмоқда. Лекин агарда бундай йигит топилмаса, порси бўлмаганга турмушга чиқишга қарши эмас.

"Нима учун фақатгина порси бўлгани учунгина ўзимга муносиб эмас, ота-онасининг бўйнида ўтириб, ҳеч нима қилмайдиган ландовурга турмушга чиқишим керак? Албатта порси йигитга турмушга чиқишни афзал кўраман. Аммо ҳаётда ҳеч нимага эришмаган ва у билан келажагим бахтиёр бўлишини кўрмасам бунга рози бўлмайман", дейди у.

Лекин иккиси ҳам порси бўлган Кайзод Дебо ва Зиния Вакилнинг бахтлари чопган ва улар бугун никоҳ қуришмоқда.

34 ёшли Кайзоднинг айтишича, қаллиғини кўндириш учун беш йил вақт кетган. "Чунки у мен билан солиштирганда анча келишган" , дея ҳазиллашади у.

Уларнинг иккиси ҳам ҳаво ширкатида ишлайдилар ва Дубайда яшайдилар. Унинг ҳазил билан айтишича, тезроқ фарзанд кўриб, порсилар сонининг камайишининг олдини олишга ҳаракат қиладилар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio