Украина: "Россия армияси майорини қўлга туширдик"

Фото муаллифлик ҳуқуқи RIA Novosti

Украина Давлат чегара хизмати тарқатган хабарга кўра, Донецк вилоятидаги «Берёзовое» назорат нуқтасида қурол-яроғ ортилган бир юк автомобилини ушлаганлар.

Автомобилда ҳарбий кийимдаги икки киши бўлган ва улардан бири Россия армияси майори бўлган, дейилади Украин чегара хизмати тарқатган хабарда.

"25 июл куни соат 22:00 ларда давлат чегара хизмати ходимлари Донецк вилоятидаги «Берёзовое» назорат нуқтасида қурол-яроғ билан тўла КАМАЗни қўлга туширганлар. Вақтинча Украина назорати остида бўлмаган ҳудудга кирган транспорт воситасини ҳарбий кийимдаги икки киши бошқариб келаётган бўлган”, дейилади чегарачилар матбуот хизмати тарқатган хабарда.

Украин чегарачиларига кўра, эркаклардан бири Россия зобити, иккинчиси ноқонуний ҳарбий тузилма аъзосидир.

Ҳодиса жойига Украина Хавфсизлик хизмати, Ички ишлар вазирлиги ва бошқа кучишлатар тизимлари ходимлари борганлар.

Украина расмийлари мамлакат шарқидаги урушда Россия ҳарбийлари иштирок этаётганини айтиб келади, Москва эса Украина ҳудудида ўз ҳарбийлари борлигини доим инкор этиб келади.

2015 йил майида Украина Хавфсизлик хизмати Россия ҳарбий хизматчилари Александр Александров ва Евгений Ерофеевни қўлга туширганлари ҳақида хабар тарқатди.

Россия Мудофаа вазирлиги икки аскарнинг Россия армияси сафларида ҳарбий хизматни ўтаганларини тан олди.

Бироқ бу икки аскар Украинанинг Луганск вилоятида қўлга тушган пайти ҳарбий хизматдан бўшаган бўлганлар, дея эълон қилган Россия ҳарбийлари.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio