Асосий гумондор Литвиненко ўлими бўйича гувоҳлик бермайди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Дмитрий Ковтун ўзига рухсат теккан тақдирда ҳам белгилаб берилганидан ортиқ маълумотни ошкор қила олмаслигини айтган

Россиялик собиқ жосус Александр Литвиненкони ўлдиришда гумон қилинган шахс Би-би-сига гапираркан, ўзининг терговда кўрсатма беришига изн берилмаганини айтган.

Британия мулозимлари Дмитрий Ковтун 2006 йил Александр Литвиненкони радиоактив модда билан заҳарлаган икки кишидан бири эканига ишонади. Унинг ўзи бу ишга ҳеч бир алоқаси йўқлигини таъкидлаб келади.

Шу кунлар Дмитрий Ковтун видеоалоқага чиқиб, гувоҳлик бериши кутилаётганди.

Аммо, унинг билдиришича, Россия ҳукумати Лондондаги терговчиларга далиллар тақдим этишига рухсат бермаган.

Жаноб Ковтунга кўра, ўзининг изнсиз гувоҳлик бериши Литвиненко ўлими юзасидан Россия ўтказаётган текширувлар махфийлигини хатар остига қўйши мумкин.

Лондондаги текширув ҳайъати раҳбари Роберт Овеннинг айтишича, бу борада қарор қабул қилиши учун Дмитрий Ковтунга сешанба куни 09:00гача вақт берилганди.

Россия текширувлари

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption 43 ёшида ҳаётдан кўз юмган жаноб Литвиненко аввал Федерал Хавфсизлик Хизматида ишлаганди

Қироллик прократураси 2006 йилнинг ноябрида Лондонда Литвиненко билан учрашган Дмитрий Ковтун ва яна бир агент Андрей Луговойни уни полоний-210 радиоактив моддаси билан заҳарлаганини айтади.

Маълумки, 43 ёшида ҳаётдан кўз юмган жаноб Литвиненко аввал Федерал Хавфсизлик Хизматида ишлаган, кейин Британияга қочиб келиб, Кремлнинг ашаддий танқидчисига айланганди.

Расмий Лондон ўтмишда Андрей Луговой ва Дмитрий Ковтунни Британия ихтиёрига топширишни сўрган.

Россия прокуратураси эса, ўзларидаги қонунлари бўйича гумондорларни чет мамлакат маҳкамасига топширилмаслигини айтиб, талабни рад қилганди.

Жаноб Ковтун бошида Лондонда бораётган текширувларда иштирок этмаслигини айтган, аммо кейинроқ, фикрини ўзгартирганди.

Ҳозир Москвада бўлган собиқ Шўро армияси зобити Би-би-сига гапираркан, Россиядаги текширувларни олиб бораётган керакли мулозим билан боғлана олмаганини билдирди.

"Мен боғлана олмаган терговчи менга рухсат берган тақдирда ҳам, қанча маълумотни ошкор қилишим юзасидан у қарор берган бўларди", дея қўшимча қилган у.

Лондон полицияси расмийларидан бири Ковтуннинг ҳатти-ҳаракатлари "ҳеч ҳам ҳайратланарли" эмаслигини айтган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ