'Туркия Сурияга қўшин киритмайди'

Фото муаллифлик ҳуқуқи
Image caption Аҳмад Довудўғли: "Туркиянинг ҳозирлиги оқибатлардан ҳоли бўлмайди".

Туркия Бош вазири ўзини "Исломий Давлат" деб ном қўйган гуруҳга қарши курашиш учун Сурияга қўшин киритиш нияти йўқлигини айтган.

Аммо, Аҳмад Довудўғлига кўра, Сурия-Туркия чегарасига яқин ҳудудлардаги ИД мавқеларининг ҳаводан нишонга олиниши "ўйиндаги ўзгаришларни" англатади. Айни пайтда Туркия қирувчи учоқлари Ироқдаги Курдистон Ишчилар партияси - ПКК бўлгинчиларига қарши ҳаво ҳужумлари уюштирди.

Ўтган ҳафта Туркия ичкарисида қатор зўравонликлар амалга оширилган. Жумладан, Туркиянинг Сурия чегарасига яқин Суруч шаҳрида амалга оширилган бомба ҳужумида 32 инсон нобуд бўлганди. Туркия тарафига кўра, ҳаво ҳужумлари ана шу амалларга жавобдир.

Сешанба куни НАТО вазиятни муҳокама қилиш учун фавқулодда йиғинга тўпланади.

Ўтган тун турк танклари Сурия шимолидаги курдлар яшовчи қишлоқни нишонга олган. Курд халқи муҳофаза бўлинмасига кўра, камида 4 аскар яраланган.

Сурия инсон ҳақларини кузатиш маркази ҳам Сурия шимолидаги Зур Мағар қишлоғи турклар тарафидан ҳужумга тутилгани ҳақида хабар берган.

Жаноб Довудўғли турк матбуотига айтишича, Туркия ҳарбий амалиётлари минтақадаги қарама-қаршиликларда "янги бир шарт-шароитлар" вужудга келганини англатади.

Бош вазирга кўра, "Туркиянинг ҳозирлиги оқибатлардан ҳоли бўлмайди".

"Ҳуррият" газетасининг Довудўғлидан иқтибос келтиришича, "... бу Сурия, Ироқ ва бутунбошли минтақада ўйинни ўзгартириши мумкин".

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio