"Фазлиддин Қурбонов Youtubeда тарғибот видеоларини тарқатган"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

АҚШнинг Айдахо штати маркази Бойзи шаҳрида 32 ёшли Ўзбекистон фуқароси Фазлиддин Қурбонов устидан маҳкама уч ҳафтадан буён давом этмоқда.

Қурбоновнинг оиласи БМТнинг қочқинларга мўлжалланган дастури доирасида 2009 йил 25 августида Америкага борган.

Оила 2012 йили апрелида Бойзига кўчиб ўтган.

Қурбоновга нисбатан беш айблов илгари сурилган, улар орасида террорчилик ташкилотига ёрдамлашиш, оммавий қирғин қуролини ясаш ва сақлаш айбловлари ҳам бор.

Айблов томонига кўра, Фазлиддин Қурбонов АҚШ Давлат департаменти 2000 йили хорижий террорчилик ташкилоти деб тан олган Ўзбекистон Исломий ҳаракати(ЎИҲ)ни маблағ ва аксилвирус дастурлари билан таъминлашга келишган бўлган.

Ҳибсга олинган пайти узун соқол ўстирган, бироқ ҳозирга келиб соқолини қириб ташлаган Қурбонов Юта штатида ҳам маҳкамага тортилган, уни портловчи моддалар, портлаш ускуналари ва оммавий қирғин қуролига тааллуқли ахборотни тарқатишда айбламоқдалар.

Маҳкама жараёнида Федерал Қидирув бюроси(ФҚБ) ходимаси Сара Карни кўрсатишича, 2012 йил июнида бюро эътиборини YouTubeдаги Фазлиддин Қурбоновга тегишли faziddin78 аккаунти жалб қилган.

Сара Карни сўзларига кўра, аккаунт эгаси "тутунли порохни қандай тайёрлаш", "қандай қилиб маиший моддалардан алюминий кукунини тайёрлаш", "С-4 бомбасининг портловчиси, 1-қисм", "телефон детонатори, фойдали маслаҳатлар", "100 фунтли таннерит билан уйни вайрон қилиш" каби видеолар остидаги "ёқади"(лайк) тугмаларини босган.

"YouTubeдаги фаоллик"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Федерал прокурор Аарон Лукофф YouTubeда Ўзбекистон Исломий ҳаракати тарғибот видеоларини жойлаштиргани ва ушбу гуруҳга содиқлик байъати бергани ортидан Федерал Қидирув бюроси Фазлиддин Қурбонов билан қизиқиб қолганини тасдиқлади.

Бошқа тарафдан ёш ўзбек адвокати Чарльз Петерсон айтишича, ФҚБ Фазлиддин Қурбоновни ўрганишни анча олдин, 2011 йил декабрида, ташқи кузатув камераси Қурбонов билан ватандоши Жамшид Мухторов билан Денвердаги тасвирга туширганидан кейин бошлаган.

Мухторов Колорадода ЎИҲдан ажралиб чиққан бошқа ўзбек террорчилик ташкилоти билан ҳамкорлик қилишга уринишда айбланиб маҳкамага тортилган. Хабарларга кўра, Мухторов устидан маҳкама Денверда август ойида бошланиши кутилаяпти.

Қурбонов ҳам, Мухторов ҳам ўзларига қўйилган айбларни инкор этишади. Қурбонов адвокатига кўра, ўз ҳимоясидаги ўзбекистонлик "ҳеч қачон ЎИҲ ёки террорчиларга салмоқли ёрдам беришга рози бўлмаган ва бунга ҳаракат қилмаган... ва қайддан ўтмаган портловчи модда сақламаган".

Ўзининг Қурбонов маҳкамасидаги кириш сўзида прокурор Лукофф судланувчининг ЎИҲ аъзолари билан электрон ёзишмаларидан парчалардан иқтибослар келтирган. Масалан, Қурбонов ўзининг АҚШда бўлиб тургани унга америкаликларга ичидан зарба бериш имкониятини бериши ҳақида ёзган.

"Биз ҳаммадан ҳам кўра кофирларга яқинроқмиз, - деб ёзилган электрон мактубда. - Бизда нимаики зарур бўлса, ҳаммаси бор. Оллоҳнинг ёрдами билан биз шаҳидлик амалиётини содир этсак, нима дейсиз?"

"Ҳозир мен исломнинг ашаддий душмани қоқ марказидаман, - деб ёзган бошқа бир мактубида. - Бу ерда нишонлар кўп: улкан бинолар, кофирларнинг офислари, ҳарбий штаблар ва ҳоказо. Сиз бизни машина билан амалиёт ўтказишга ўргатасизми? Қолгани ҳаммаси бизда бор".

Лукофф сўзларига кўра, судланувчи бир неча соат давомида Интернетда бомба тайёрлаш бўйича йўриқнома қидирганидан кейин маслаҳат сўраб ЎИҲга мурожаат қилган.

Қурбоновнинг Интернетдаги баёнотларига кўра, у Ўзбек режимини ағдариб ўрнига исломий халифатни барпо этиш мақсадини кўзлаган ЎИҲ қарашларига ҳаммаслак, деб айтган прокурор. АҚШ жосуслик хизматлари маълумотларига кўра, ЎИҲ жангарилари Афғонистонда Толиблар тарафида америкаликларга қарши жангларда қатнашганлар.

Аноним ахборотчи

Душанба куни Қурбонов маҳкама жараёнида ФҚБнинг аноним ахборотчиси кўрсатма берди. Бу ахборотчи Қурбонов билан 2013 йил январида Солт-Лейк-Сити шаҳрида юк транспорти ҳайдовчиларини ўқитиш курсларида танишиб қолган.

Қурбонов касб ўрганиш мақсадида ушбу курсга ёзилган, айғоқчини эса ФҚБ у ерга сиздирган.

Маҳкамада нафақат ахборотчи исми-шарифи сир тутилди, балки бутун зал жамоатчиликдан тозаланди. Маҳкама иштирокчилари қўшни хонада трансляцияни эшитиб турдилар. Ушбу сатрлар эгаси юзлаб маҳкамаларда қатнашган, бироқ бу қадар махфийликни шу пайтгача кўрмаганман. Фақат маълум бўлгани, бу гувоҳ асли покистонликдир.

Унинг сўзларига кўра, Қурбонов унга бомбани АҚШ мустақиллиги куни Бойзидаги Морристон-Паркда портлатмоқчи бўлганини айтган. Ўша куни жуда кўп одам у ерда мушакбозликни томоша қилиш учун тўпланади.

"Бу одамларнинг ҳаммаси оиласи билан келади, - деб гўёки айтган Қурбонов айғоқчига. - Бойзида, Айдахода ҳарбийлар оилалари кўп. Улар ўз оилаларини олиб келишиб, мушакбозликни кўрсатишади".

Шунингдек, Қурбонов гўё ахборотчига бирорта ҳарбий иншоотни портлатмоқчи бўлганини, машинада Бойзи яқинидаги авиабазага борганини, дарвозаси олдида кузатув олиб бориб, ҳужумни режалаштиргани ҳақида айтиб берган.

Ва ниҳоят у Ню-Йорк ва Техасдаги ҳарбий иншоотларни портлатишга қарор қилди, дея кўрсатма берди айғоқчи. Унинг сўзларига кўра, судланувчи "техасдаги базани портлатмоқчи бўлган, чунки у Бушнинг штатидир".

Қурбоновни уйида бомба тайёрлаш учун хомашё сифатида фойдаланиш мумкин бўлган ўғит, тутун порохи ва ацетон сақлашда айбланмоқда.

Ахборотчи Қурбоновнинг ишончига киришга муваффақ бўлган ва 2013 йилнинг 14 январидан 24 январига ўзаро суҳбатларини махфий равишда ёзиб борган. Улар биргаликда Wi-Fi сигналлари мавжуд McDonald's ва Denny's емакхоналарига киришган ва Қурбонов ахборотчига ЎИҲнинг тарғибот видеоларини, портлашлар ва бомба тайёрлаш ҳақидаги видеоёзувларни компютерида намойиш этган.

"Шариклар ёки михлар"

Фото муаллифлик ҳуқуқи FBI
Image caption Интернетдаги фаоллиги ортидан ФҚБ Қурбонов билан қизиқиб қолган.

Душанба куни прокуратура ҳакамлар ҳайъатига ашёвий далилларни кўрсатди - бу Denny's ҳисоб варағига ёзилган портловчи аралашмани тайёрлаш инструкцияси.

Агар айғоқчига ишониладиган бўлса, Қурбонов уни McDonald's ва Denny's каби йирик дўконларга олиб борган ва бомба тайёрлашда асқотадиган ҳамма учун очиқ хомашёларни - тутун порохи, ўғитлар, таннерит, ацетон, қувурларни тозалашда ишлатиладиган кимёвий суюқлик, ҳаво тўппончаси учун шарикларни кўрсатган.

"Ичига шариклар ёки михларни тиқасан, - гўёки айтган Қурбонов, - ва улар ўқдек бўлиб кўп одамни ўлдиради."

Улар иккови Солт-Лейк-Ситидаги City Creek Mall деб аталган мсавдо марказининг ерости гаражига ҳам боришган. Гўёки Қурбонов гаражнинг бир неча фотосуратини олган ва бу жой бомбани жойлаштириш учун аъло жой деб айтган.

"У ўзига бу ер ёқмаслигини ва бирорта исломий давлатга кетишни хоҳлашини айтарди, - дея кўрсатма берган ахборотчи. - У менга Америка аскарлари исломнинг асосий душманлари, деб айтган".

Адвокат Петерсоннинг ҳакамлар ҳайъатига уқтиришича, Қурбонов конкрет бирор нарса қилмаган, қуруқ сафсата билан чегараланган.

Қурбонов маҳкамасининг яна уч-тўрт ҳафта давом этиши кутилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ