"Мулло Умар 2013 йили Покистонда оламдан ўтган"

Афғонистон хавфсизлик хизмати сўзчиси айтишича, Толибон раҳбари Мулло Умар 2013 йил апрелида Покистонда ҳаётдан кўз юмган.

Абдул Ҳассиб Сиддиқийнинг Би-би-си Афғон хизматига айтишича, Мулло Умар соғлик муаммолари сабабли Покистоннинг Карочи шаҳридаги шифохонада 2013 йил апрелида вафот этган.

Президент Ашраф Ғани ёрдамчилари ушбу хабарни Би-би-сига тасдиқлаганлар.

Покистон ҳукумати ва хавфсизлик хизматлари Толибон раҳбари ўлими ҳақидаги хабарни тасдиқлаганлари йўқ.

Покистон тарафи доим Мулло Умарнинг ўз мамлакати ҳудудида эканини инкор этиб келган.

Толибон сўзчиси Қори Юсуф Аҳмадий Мулло Умар ҳақидаги хабарни рад этган.

Унинг хорижий журналистларга айтишича, ўзидаги маълумотларга кўра, Мулло Умар тирик ва ҳаракатга раҳбарлик қилаяпти.

Толибонинг Кевтта ва Пешовардаги икки асосий шўросидаги манбалардан олинган хабарларга кўра, ушбу кенгашлар аъзолари Мулло Умар ўрнини эгаллайдиган раҳбар борасида музокаралар олиб бормоқдалар.

Мулло Умар тирик эмаслиги ҳақидаги хабарлар тарқалганига анча бўлди.

Бироқ яқинда Рамазон Ҳайити муносабати билан Мулло Умар мурожаатиэълон қилинган, унда Толибон лидери Афғонистон ҳукумати билан тинчлик музокараларини олқишлагани хабар қилинган эди.

Афғон ҳукумати Толибон билан тинчлик музокараларини йўлга қўйишга анчадан буён ҳаракат қилиб келади.

Шу йил 8 июлида Покистоннинг Мёрри шаҳрида Толибон вакиллари ва Афғонистон ҳукумати биринчи расмий ҳайъати ўртасида музокаралар бўлиб ўтган.

Афғонистон Олий Шўроси томонидан ташкиллаштирилган ушбу мулоқотлардан кўзланган мақсад, Толибон ҳужумларини тўхтатишга ҳамда жангариларнинг қуролларини ташлаб тинч ҳаётга қайтишларига кўндириш бўлган.

Афғонистон Толибони бошпана берган Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Мулло Умарнинг тирик эканини шубҳа остига олиб баёнот тарқатган эди.

Ўзбекистон Исломий Ҳаракати 2001 йилдан буён Мулло Умар билан мулоқот қилишга урингани, бироқ шунча йилдан бери бунинг уддасидан чиқа олмаганини айтган.

Охирги 13 йил давомида Афғонистон ва дунёдаги кўплаб ҳодисаларга Мулло Умар бирор марта ҳам муносабат билдириб баёнот тарқатмаганини инобатга олиб, Ўзбекистон Исломий Ҳаракати Мулло Умарни ўзи учун бедарак кетган, деб билишини эълон қилган.

Шу йил апрелида Толибон Мулло Умар ҳукмронлигининг 19 йиллиги муносабати билан дея унинг таржимаи ҳолини эълон қилган, бу кўпчиликни ҳайратлантирган ҳамда таржимаи ҳол унинг тирик эмаслиги ҳақидаги баёнотларга жавобми деган саволлар ўртага чиққан эди.

2001 йилда АҚШ бошчилигидаги хорижий қўшинларнинг Афғонистонда ишғоли бошланганидан буён Мулло Умарнинг қаердалиги номаълум эди.

АҚШ Мулло Умар учун 10 миллион доллар мукофот пули эълон қилган.

Мулло Умарнинг "Ал-Қоида" раҳбари Усома бин Лодинни дастаклагани Афғонистонга қарши уруш бошланишига етаклаган эди.

Толибон ҳаракати ўз веб-сайтида Мулло Умарнинг Афғонистон ва дунёда юз бераётган ҳодисалардан ҳар куни хабардор бўлиб тургани ҳақида ёзган эди.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ