Минглаб одамлар туннел орқали Франциядан Британияга ўтишга уринмоқда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Минглаб муҳожирлар Франция шимолидаги портдан Британияга ўтишга уринишда давом этар эканлар, Калей портига қўшимча исковуч итлар сафарбар қилинган ва қўшимча тўсиқлар қурилиши учун материаллар йўлланган.

Тўртинчи тундирки Ла-Манш бўғози остидан ўтадиган Евротуннел терминалидаги тартибсизликлар туфайли нақлиёт фаолияти ишдан чиқмоқда.

Улар яна тунда туннелга кириб олиб, Британияга ўтишга уринганлар.

Баъзи муҳожирлар кемага чекишга навбатда турган юк машиналарига яширинча чиқиб олишаяпти.

Британия томонида эса кемаларда Францияга ўтишга уринаётган минглаб юк машиналари навбати юзага келган.

Пайшанба куни Британия Бош Вазири Девид Камерон Британия муҳожирлар учун "бошпана" бўлмаслиги, ҳамда мазкур инқирозга Ўрта Ер денгизини кечиб ўтиб, сўнгра Оврўпо орқали Калейгача келган муҳожирларнинг "тўда"си сабаб эканини айтди.

Бош вазир "тўда" сўзини қўллагани учун у муҳожирларни инсон сифатида кўрмаслиги ҳақидаги танқидлар авж олди.

Британия ҳукумати мазкур инқироз бўйича фавқулодда йиғинлар ўтказмоқда.

Парламентдаги ички ишлар бўйича қўмита раиси Кийт Ваз бу масала "бутун Оврўпо Иттифоқининг муаммоси" экани, ҳамда уни Девид Камерон ва Франция Президенти Франсуа Оллонд ўртасидаги юзма-юз учрашув билангина ҳал қилиш мумкинлигини айтди.

Унга кўра, Франция ҳукумати ноқонуний муҳожирларни тутиб, ўз мамлакатларига депортация қилиши керак.

Пайшанба куни Би-би-си мухбири кўзи ўнгида юзлаб одамлар Евротуннел терминали яқинидаги полиция чизиғини кесиб ўтишга муваффақ бўлдилар, бироқ сўнгра темир йўлларидан чиқариб олиндилар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Шунга қарамай, уларнинг баъзилари тўсиқларни енгиб Британияга ўтиб олишмоқда.

Британия томонида эса Кент вилояти кенгаши раҳбари Ички ишлар вазирлиги расмийлари билан учрашиб, юзлаб ёш муҳожирларнинг келишига жавобан қандай чора кўриш бўйича ёрдам сўраган.

Ўтган уч ой ичида Кент вилояти кенгаши назорати остидаги ёши 18га етмаган бошпана изловчилар сони икки баравар кўпайиб, 605га етган.

Люси Уилямсон, Би-би-си мухбири, Калей

Қоронғи тушиши билан Калейдаги ҳаракат ойдинлашади. Юзлаб муҳожирлар туннел томон борадиган катта магистрал йўлда биргалашиб юрадилар. Туннелга етиб олиш учун улар қўриқчилар назоратига тушмай, бир неча симтўрларни ошиб ё кесиб ўтишлари керак.

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Ҳали ярим тун бўлмай, бир неча ўн муҳожирлар Калей темир йўли бўйлаб таъмирланган симтўр остидан ўтишга уринишаётганди.

Баъзиларининг атрофда кўпайиб бораётган полиция зобитлари ва телекамералардан ҳафсалалари пир бўлган. "Бу ердаги кайфият яхши эмас", - дейди улардан бири менга.

Уларнинг мақсади кучда қолаяпти. Муҳожирлар сони янада ошиши ва яхшироқ уюшган ҳолда тўсиқларни ошиб ўтиши кутилмоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio