"Яҳудийлар ёнғин ҳужуми"да гўдак ўлишидан фаластинликлар ғазабда

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty

Фаластин раҳбарияти Ғарбий соҳилдаги уйга атайин ўт қўйиш оқибатида бир гўдакнинг нобуд бўлишига Исроил "мутлақо масъул" эканини айтган.

Дума қишлоғидаги икки уйга тунда қилинган ҳужумни яҳудий келгиндилар амалга оширгани айтилади.

Ҳужумда 18 ойлик бола ҳалок бўлган, унинг ота-онаси ва акаси оғир жароҳат олганлар.

Ўт кетган уйларнинг бири деворига иврит тилида "қасд" дея ёзиб кетилган.

Тўртга яқин киши иккита уй ичига ёниб турган жиҳозларни ташлашгани айтилади.

Маҳаллий яшовчи Иброҳим Давабша одамларнинг ёрдам чақириқларини эшитганини сўзлаб берди.

"Биз куйиб қолган ота-онанинг ташқарида турганларини кўрдик, улар ичкарида ўғил фарзанди қолганларини айтишди, биз уни олиб чиқдик, лекин улар яна бир ўғли ичкарида эканини айтишди. Лекин ёнғин туфайли у ётоқхонага кира олмадик. Қутқарув етиб келгунча, бола ичкарида қолди", - деди у.

Али Саад Давабша уй ичкарисида ҳалок бўлган. Унинг онаси - Реҳам, отаси - Саад ва тўрт ёшли акаси - Аҳмад Исроилдаги касалхонага вертолётда олиб кетилганлар.

Ҳодиса жойида олинган суратларда камида битта уй буткул вайрон бўлгани, ундан фақат ёниб кетган қолдиқлар қолгани кўринади.

Охирги кунларда Исроил давлати, ноқонуний ҳудудда уй қуриб олган яҳудийлар ва бу ҳудудда яшовчи фаластинликлар орасидаги муносабатлар таранглашган.

Исроил бош вазири ҳужумни "даҳшатли" дея тавсирлади.

"Бу террорчилик амалидир. Исроил давлати террорни ким амалга оширишидан қатъий назар, террорчиликка қарши қатъий курашади", - дея твит ёзди Бенямин Нетаняҳу.

Аммо, Ғарбий соҳилни бошқарувчи Фаластин Озодлик Ташкилоти Исроил ҳукумати Али Саад Давабша исмли гўдакнинг "шафқатсизларча ўлдирилиши учун мутлақ масъул" эканини айтди.

"Бу Исроил ҳукуматининг келгидилар террорчилигига ўн йиллаб кўз юмиб келганининг оқибатидир", - деди Фаластин раҳбарияти.

"Қасд" сўзи айнан қандай ҳодисага жавобан ёзилгани ноаниқ қолаяпти. Аммо, яҳудий экстремистлар Исроил ҳукуматининг Ғарбий соҳилда ноқонуний қурилган маҳаллалардан яҳудийларни кўчиришига жавобан бу каби ҳужумларни амалга ошириб туради.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio