"Толиблар мулла Ахтар Мансурни раҳбар сифатида тан олмайди"

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP Reuters
Image caption Толибларга кўра,янги раҳбарни сайлаш жараёни шариат қонунларига тўғри келмайди, яъни у бу вазифага барча толиблар томонидан "сайланмаган".

Афғонистонда толибларнинг янги раҳбари қонуний саналмайди, деб айтган Толибон ҳаракатининг вакилларидан бири. Унга кўра, янги раҳбарни тайинлашда Толибон афғон ҳаракати олий кенгаши билан маслаҳат қилинмаган.

Бундан олдин Толибон ҳаракати асосчиси мулла Умар ҳалок бўлгани ҳақида хабарлар чиққан.

Шунингдек, мулла Умарнинг вориси этиб унинг ўринбосари мулла Ахтар Мансур тайинланиши айтилган.

Кобулдан Би-би-си мухбирининг хабар беришича, Афғон Толибонининг янги раҳбари мулло Ахтар Мансурники деб айтилаётган янги овозли мурожаат тарқатилган.

Аудио ёзув Толибон тинчлик музокараларини хоҳлаши борасида шубҳаларни юзага келтирган. Мурожаатда гапирган киши сўзларига кўра, тинчлик жараёни "душманларнинг тарғибот компэйни" бўлган. У ўзининг гуруҳи жиҳодни Исломий тартиб-қоида йўлга қўйилгунича давом эттиришини айтган.

Бироқ толиблар вакили Абдул Манан Ниёзийнинг сўзлашича, янги раҳбарни сайлаш жараёни шариат қонунларига тўғри келмайди, яъни у бу вазифага барча толиблар томонидан "сайланмаган".

"Қонун ва Ислом тартиблари бўйича, раҳбар ўлимидан кейин янгисини тайинлаб берадиган "Шўро" кенгаши чақирилиши лозим", дейди у.

Мулла Ниёзийга кўра, кенгаш олдида ҳаракатнинг янги раҳбарини сайлаш турибди.

Мулла Умарнинг ўлими ҳақидаги хабар 29 июлда пайдо бўлди. Афғонистон ҳукумати билдиришича, мулла Умар бундан икки йил олдин, 2013 йил апрелида ҳалок бўлган.

Умар "Толибон" ҳаракатини 20 йил давомида бошқариб келди.

Толиблар хабарида мулла Умарнинг ўлими сабаблари очиқланмаган, лекин у касаллик туфайли ҳаётдан кўз юмгани айтилган. У (мулла Умар) АҚШ Афғонистонга кирган 2001 йилда ҳам мамлакатда қолди", дейилади толиблар хабарида.

Мукофот

Мулла Умар шўро қўшинлари мамлакатни тарк этгач, ичкарида қўзғалган қабилалараро афғон гуруҳлари ўртасидаги урушда толибларини ғалабага олиб борди.

Сўнгра 2001 йилда Афғонистонга АҚШ қўшинлари кириши орқасида, "Ал-Қоида"нинг Нью-Йорк ва Вашингтондаги ҳужумларидан сўнг кўп ўтмай ташкилот раҳбари Усамо бин Ладен билан иттифоқ тузади.

АҚШ мулла Умар боши учун 10 млн доллар мукофот ваъда қилган.

Баъзи толиблар назарида, мулло Ахтар Мансурнинг номзодини ҳаракатнинг покистонпараст кайфиятдаги аъзолари илгари сурганлар. Яъни у ҳукумат билан тинч музокаралар ғоясини қувватлайди, деб ишонилади.

Толибоннинг шунча йиллик тарихи давомида ҳаракат ичида бу қадар келишмовчилик кузатилмаган.

Таҳлилчилар фикрича, толиблар ҳаракатнинг барча томонини қониқтирадиган янги раҳбар топишлари осон кечмаса керак. Ва албатта бу "Толибон" сафларида ажралишни юзага келтириши эҳтимоли бор.

Аксарият толиблар дала қўмондонлари дастагига эга номзодни раҳбар сифатида тан олишлари мумкин.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio