Тўй зиёфати ўрнига 4000 қочқинга озиқ-овқат тарқатилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи Serhat Kilis Gazetesi

Туркиянинг Сурия чегарасига яқин Килиш вилоятидаги ғайриоддий никоҳ жаҳон оммавий ахборот воситаларининг диққатига тушди. Туркиялик келин-куёв ўз ҳаётларидаги бахтли ҳодисани 4000 Cурия қочқинини тўйдириш билан нишонлашди.

Шу ҳафта Фатҳулла Узумчиўғли ва Эшра Пўлат барча севишганлар каби никоҳдан ўтишди. Одатда турк тўй маросимлари бир неча кун давом этиб, охирги кун катта базм -зиёфат билан тугайди. Бироқ анъанавий дабдабали дастурхон ўрнига улар Суриядан фуқаролар уруши оқибатида чегарадош ҳудудда бошпана топган минглаб қочқинларга озиқ-овқат тарқатишган. Мискин ва муҳтожлар билан нон бўлашиш ғояси куёв боланинг отаси Али Узумчиўғлидан келиб чиқди. Унинг маҳаллий Serhat Kilis газетасига айтишича, бошқалар улардан ўрнак олиб, суриялик биродару опа-сингиллар билан тўй зиёфатларини бирга бўлашишларига умид билдирган.

Али Узумчиўғлининг айтишича, оиласи Kimse Yok Mu (Ҳеч ким йўқми?) деб номланган хайрия ташкилотига мурожаат қилган.

"Биз ўз хурсандчилигимизни суриялик ака-укаларимиз, опа-сингилларимиз билан бирга нишонламоқчи эдик. Шунинг учун биз мазкур ташкилотдан ёрдам сифатида оғир юк машинасини ажратишини сўрадик. Иншооллоҳ, бу бошқаларга ҳам йўл очиб беради. Бизнинг тўй зиёфатимиз жуда мазмунли ва самарали ўтди деб ўйлайман."

Отанинг айтишича, у келин-куёв янги ҳаётини шундай савоб амал билан бошлаётганларидан жуда мамнун. Таклиф қилинган меҳмонлар юк машинасидан озиқ-овқатларни ташишда ёрдамлашиб, келин-куёв дохил қочқинларга егуликларни тарқатишда қатнашганлар.

Фото муаллифлик ҳуқуқи kimseyokmu

Hatice Avci хайрия ташкилоти ходимаси айтишича, келин-куёв шаҳар атрофида турган қочқинлар билан бирга тўй ўтказиш учун ўзларининг икки оилаларидан йиллаб йиққан маблағларни сарфлашга муваффақ бўлганлар. Kimse Yok Mu ташкилоти Gülen ҳаракатининг бир қаноти бўлиб, аҳолига хизмат қўрсатиш фаолияти билан шуғулланиб келади.

Келин Эшра Пўлатнинг Британиянинг Индепендент рўзномасига айтишича, аянчли ҳолда бўлган одамлар билан бирга овқатларни баҳам кўришганидан у жуда ҳам хурсанддир.

"Биринчи марта Фатҳулла менга айтганида мен ҳайрон бўлдим. Лекин кейинчалик мен унинг ғоясини қўллаб-қувватладим, чунки бу жуда ажойиб тажриба!", деди Эшра Пўлат.

Куёв бола эса бошқаларни бахтли қилиш ўзи учун катта ифтихор эканлигини айтади.

"Суриялик болаларнинг кўзларида хурсандчиликни кўриш - мен учун бу...бебаҳо нарсадир. Биз бахтли ҳаётга сафаримизни танимаган одамларни бахтли қилишдан бошладик," деди у.

Маҳаллий матбуот хабарларига кўра, туркиялик хонанда Рашит Мухтор ҳам хайрия тадбирларида қатнашиб, меҳмон қочқинларга емак тарқатган.

Туркия қарийб икки миллион суриялик қочқинга бошпана берган.

Килиш вилоятининг ўзида 4000 қочқин вақтинчалик истиқомат қилмоқда.

Уларга Туркиянинг Kimse Yok Mu хайрия ташкилоти озиқ-овқат етказиб беришда ёрдам бермоқда.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Your contact details
Disclaimer