"MH370 ҳалокат сири ечилиш арафасида‏"

Фото муаллифлик ҳуқуқи Reuters
Image caption Ҳинд уммонидаги француз оролида топилган қисм Малайзия учоғига тегишли деб кўрилмоқда.

Австралия Бош вазири Тони Абботт Франциянинг Реюнион оролида ўтган йили бедарак йўқолган Малайзия учоғининг қолдиқлари деб кўрилаётган қисмларнинг топилиши орқасидан, "MH370 рейсининг сирли ҳалокат сабаблари ечилишга яқин", деган.

Олдинроқ Малайзия Бош вазири Нажиб Раззоқ Францияда топилган учоқ қолдиқларини ўрганаётган мутахассисларга иқтибосан, топилмалар айнан ғойиб бўлган учоққа тегишлилигини тасдиқлади, деб айтганди.

Бироқ мутахассисларнинг ўзлари якуний хулоса қилишга шошилмасдан, бундай тахмин эҳтимолга жуда яқин, демоқдалар.

2014 йил 8 мартда бортида 239 инсон билан Куала-Лумпурдан Пекинга қараб парвоз қилган Malaysia Airlinesга тегишли учоқ маълум вақт ўтиб, радарлардан ғойиб бўлган эди.

Йўловчиларнинг яқинларига кўра, топилган қисм ҳеч нарсани исботлаб беролмайди.

Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA

Бундан бир ҳафта олдин Ҳинд уммонидаги француз оролида учоқнинг қанот қисми топилгани ва текшириш учун Франциянинг Тулуза шаҳрига етказилган.

Малайзия Бош вазири жаноб Нажиб Раззоқ Куала-Лумпурдаги матбуот анжуманида Реюнион оролидаги топилдиқ ҳақиқатдан MH370 га тегишли эканини тасдиқлади, деб маълум қилган.

"Бу умидвор бўлиб кутаётган оилаларга камида бир аниқлик беради", деган у.

Франция прокурори Серж Маковакнинг сўзларига биноан, "ҳозир жуда жиддий далиллар бор, лекин чуқур текширувлардан кейин уни аниқ тасдиқлаш мумкин",

Австралия Бош вазири Тони Аббот ҳам сирли ҳалокат сабабини аниқлашга анча яқин келинган бўлсада, Австралия учоқнинг бошқа қолдиқларини ҳам қидиришда давом этишини, буни ушбу ҳаво ҳудудидан фойдаланувчи юз миллионлаб инсонлар учун қилинишини таъкидлаган.

Қидирув ишлари давомида Австралия транспорт хавфсизлиги бошқармаси Ҳинд уммонининг жанубий қисмида, Реюниондан минглаб чақирим нарида учоқ пастга қараб қулаганини тахмин қилган.

Экспертларга кўра, топилган қолдиқлар учоқ қулаган деб кўрилаётган жойдан анча узоққа сузиб борган бўлиши мумкин.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Йўловчиларнинг оила аъзолари расмийлардан аниқ хабар кутмоқдалар.

Бироқ йўловчиларнинг оила аъзолари расмийларнинг аниқ бир фикр бермаётганларидан норозилар. Бедарак кетган учоқдаги аксарият йўловчилар хитойликлар бўлган. Шу боис йўловчиларнинг Пекинда йиғилган қариндошлари расмийлардан аниқ жавоб талаб қилмоқдалар.

"Мен бу учоқ ҳақида охирги хабар эканига ишонмайман, чунки улар бошидан бизга ёлғон гапиришди, улар ҳақиқатни айтишмаяпти", дейди қизини йўқотган инсонлардан бири мухбирларга.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio