Башар ал-Ассад ҳақиқат кўзига тик қарай бошладими?

Фото муаллифлик ҳуқуқи none
Image caption Башар ал-Ассад мағлубиятларни эътироф эта бошлади

Отаси Ҳафиз каби Башар ал-Ассад ҳам ўзи ва атрофидагилар қудратда қолиши учун тиш тирноғи билан курашувчи, шавқатсиз, ўтда ёнмас, сувда чўкмас шахс сифатида намоён бўлди.

Аммо, яқиндан бери у ўз аҳволи мақтагулик эмаслиги ва мултақ мағлубиятдан қочиш учун баландпарвозликдан воз кечиши шартлигини тан ола бошлади.

Баҳор келиши билан Ассад ҳукумати кетма - кет зарбаларга дуч келди. Шимоли-ғарбдаги иккинчи пойтахт саналган Идлиб қўлдан кетди.

Май ой бошларида президент оммага кўриниш берди ва ўз мағлубиятларни эътироф этди. Бироқ, уларни узоқ йиллик урушларда бўладиган пасту баландликлар дея инкор ҳам қилди. Президентнинг айтишича, урушда юзлаб жанглар кечади, айримларида ғалаба байроғи кўтарилса, баъзиларида йўқотишлардан қочиб бўлмайди.

Ўшандан бери ҳам бой берилган жанглар кўп бўлди. Ўзини Исломий Давлат деб атаётган жангари гуруҳ чўли биёбонлардан шамол тезлигида ўтиб, стратегик муҳим шаҳар Палмирани ишғол қилди. Кейин Палмира атрофи, Дамашқ шимоли-шарқида жойлашган нефту газ майдонларини жуда оз қаршилик билан қўлга киритди.

Бугун Ассад ўзгарди. Энди у ҳақиқат кўзига анчайин тик қарайдиган бўлди.

26 июл кунги нутқида у қўшинлари сафи сийраклашиб бораётгани ва исёнкорлар Саудия Арабистони, Қатар ва Турклардан дастак олаётганини айтди.

Сурия, унинг айтишича, устивор мавқеиларни аниқлаб олади, иккинчи даражалиларидан воз кечади ва шу йўл билан муҳим ҳудудларни вайрон бўлишига йўл қўймайди.

Унинг иттифоқдошлари саналган Эрон ва Ҳизбуллоҳ баъзи йўналишларда чекиниш ва ёки қисқартиришни талаб қилишар, бутун мамлакатни назорат этиш учун Ассадга ёрдам беролмасликларини айтишарди.

Ҳозирга келиб Ассад режими мамлакатнинг фақат тўртдан уч қисмини идора қилади, аммо бу асосан йирик шаҳарлар, бандаргоҳ ва аҳолининг ярмидан кўпи деганидир.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP
Image caption Палмира ишғоли

Жангари "Исломий давлат" деб аталмиш гуруҳ эса, эллик фоизга даъво қилади ва бу ҳудуднинг аксар қисми саҳродир.

Яна бир қанча жангари, жумладан, Ал Қоидага алоқадор Нусра Жабҳаси дохил асосан исломий гуруҳлар шимол ва ғарбдаги ҳудудларни назорат қилишади.

"Мўътадиллар" эса, жанубни идора этишади.

Курдлар Туркия билан чегарада анклавларига эга.

Мамлакат бешга бўлингандай гўё...

Ассад Дамашқ, Ҳомс, Ҳама ва Латакияни сақлаб қолиш учун анча ҳудудларни бой берди.

Суриянинг энг йирик шаҳри Халабнинг ярми ва жанубдаги Дераа шаҳри ҳам Ассад назоратидан чиқиши мумкин.

Айримлар эса, Ассад Ҳамани ҳам бой беради деб тахмин қилишмоқда.

Суриянинг тақдири шуми?

Бўлинган ва бир-бири билан мудом урушаётган ва ёки шунчаки пароканда бир мамлакат?

Бўлиниш фақатгина эҳтимол эмас, амалда ҳаётий ҳақиқатга айланган.

Сурия яна қайта бирлашиши мумкинми деган савол эса кун тартибига чиққан.

Суриядаги "ўйинчилар" билан икки ой музокаралар олиб борган БМТ воизи Стаффан де Мистура Хавфсизлик Кенгашига тақдим қилган ҳисоботида мамлакатни бирлашишига катта умид боғламаслигини айтди.

У бир неча авлодларга татигулик зиддият етилгани ва ҳар ой ўтар экан, Сурияни яхлик мамлакат сифатида бирлашиши мушкул бўлишини таъкидлади.

Унинг бир неча ишчи гуруҳлар иштирокида Сурия учун тўртта муҳим масалада йўналишида ишлаш таклифи жиддий натижа бермади.

БМТ воизи буни тан олар экан, "афсуски, биз зиддият ҳалида энг кичик сиёсий имкониятни ҳам ишга солмоқчи бўлдик, аммо ҳарбий ғалаба имконияти бор деган мантиқ давом этмоқда", деди.

Аслида ғалаба эпкинларидан исёнкорлар илҳомланмоқдалар, Ассад режими эса, яшаб қолиш учун курашмоқда.

Америкаликлар, Саудия, Туркия ва Қатар ҳозирда исёнкор гуруҳларни дастаклаш йўлида мисли кўрилмаган ҳамкорликда ишлашмоқда.

Исёнкорларга қурол ва молиявий ёрдам кўрсатишмоқда.

Турфа тахминлар ўртага ташланган, улар орасида исёнкорларнинг ғалаба эришиши ҳам бор.

Аммо, буни америкаликлар исташмайди, чунки исёнкорлар ғалабаси исломчиларга йўл очиши ва Дамашқ узра "қора байроқ" ҳилпираб қолиши мумкин.

Исёнкорлар Ассад режимига кескин таҳдид қилишса, Америка таклиф қилаётган тинчлик жараёни бошланиши мумкин.

Айни тинчлик келишуви тўрт томон ўртасида оташкесим ва муросани назарда тутади.

Бу гуруҳлар кейин биргаликда бешинчи томон, "Исломий давлат" аталмиш гуруҳни Ғарб ёрдами билан мамлакатдан қувиб чиқариш учун бирлашишлари керак бўлади.

Эрон айни режани Суриянинг инфратузилмасини сақлаб қолиш ва ўз старетигик сармояларини ҳимоя қилиш мақсадида қўллаши мумкин.

"Мен Ассаднинг келажакда ҳам қудратда қолишига ишонмайман, аммо ҳатто Россия ва Эрон унинг кетишини истаган тақдирда ҳам, Ассад осонликча жойини бўшатиб бермаслиги мумкин", дейди дипломатлардан бири.

"Аммо унинг даври ўтди, жуда кўп нарсалар ўзгармоқда".

Башар ал-Ассад

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ассадлар оиласи...

1965 йилнинг 11 сентябрда таваллуд топган. У Президент Ҳафиз ал-Ассаднинг иккинчи ўғли эди.

1988 йил Дамашқ олийгоҳи Тиббиёт коллежини битиради ва айни соҳада фаолият қила бошлайди.

1988-1992 йиллар у Дамашқдаги Тишрин ҳарбий шифохонасида офталмолог - кўз касалликлари бўйича мутахассис сифатида ишлаган.

Кейин Лондонга ўз билимини ошириш учун сафар қилади.

1994 йил акаси Басил автоҳалокатда оламда ўтиши ортидан Башарни Британиядан зудлик билан чақириб олишади. Шу билан у омма назарига туша бошлайди.

Кейин у Дамашқ шарқида жойлашган Ҳомс шаҳридаги ҳарбий академияда таҳсил олади. Аста-секин ҳарбий мартабаси баландлаб, 1999 йил январида армия полковниги даражасига етади.

Отаси умрининг охирларига келиб, у замонавийлик ва интернет тарғиботчисига айланганди. Уни Сурия Компютер Жамияти президенти этиб танлашди.

Шунингдек, у мамлакат ичкарисидаги коррупцияга қарши курашга етакчилик қилди. Натижада, эски раҳбариятдаги таниқли шахслар маҳкамага тортилди.

Ниҳоят, 2000 йил 10 июн куни отасининг вафоти ортидан президент этиб тайинланди.

Давлат раҳбари сифатида қасамёд қилар экан, турли соҳаларни ислоҳ қилишга ваъда берди.

Аммо, Дамашқ Баҳори номини олган давр қисқа бўлганди. Тахминларга кўра, ислоҳотлар отасининг садоқатли қўриқчиси томонидан тўхтатиб қолинган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ