Ёнғинда ҳалок бўлган фаластинлик боланинг отаси вафот этган

Фото муаллифлик ҳуқуқи Getty
Image caption Оиланинг қолган аъзолари аҳволи ҳам оғир қолмоқда.

Фаластининг Дума қишлоғида бир ҳафта олдин содир этилган ёнғинда ҳалок бўлган боланинг отаси, 32 ёшли Саад Давабсиҳ олган жароҳатлари туфайли касалхонада ҳаётдан кўз юмган. Саад Давабсиҳнинг жаноза маросими бугун бўлиб ўтган.

31 июлда Иордан дарёсининг Ғарбий Соҳилида Дума қишлоғидаги икки уй ёқиб юборилган, бир ярим ёшли Али қурбон бўлган эди.

Ёнғин ярим кеча уюштирилган ва деворларга ивритчада "қасд" деб ёзиб кетилган.

Image caption Ёнғинда 18 ойлик бола нобуд бўлган.

Боланинг ота-онаси ва акаси куйиш жароҳатлари билан Исроилдаги касалхонанинг жонлантириш бўлимига ётқизилган. Шифокорларга кўра, Саад Давабсиҳнинг танаси иккинчи даражада куйиб кетган бўлган. Унинг хотини ва яна бир ўғлининг аҳволи ҳам ўта оғирлиги айтилмоқда.

Ёнғинни ким уюштиргани расман маълум эмас. Бироқ ҳукумат ҳодиса орқасида Исроилнинг ўнг қанот радикаллари- яҳудий экстремистлар турганидан гумон қиляпти.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняху ёнғинни теракт ҳодисаси деб атаган ва айбдорларни топишга ваъда берган телевидение орқали.

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP
Image caption Ёнғин оила ухлаб ётган тунда уюштирилган.

2 август куни Исроил ҳукумати фаластинликларга қарши террор ҳодисасини амалга оширганликда гумондорларни маҳкама қарорисиз ҳибсга олишга рухсат берган.

Исроил босиб олган ҳудудда тез-тез яҳудий ҳарбийлар ва фаластинликлар ўртасида тўқнашувлар бўлиб тургани боис, бу каби "маъмурий ҳибслар" деб аталадиган чоралар асосан фаластинликларга нисбатан ишлатиб келинган.

Ғарбий соҳил халқаро миқёсда 1967 йилда Исроил томонидан босиб олинган Фаластин ҳудуди деб тан олинган.

Ғарбий Соҳилда яҳудий келгиндилар учун уй-жой қуриш халқаро ҳуқуққа зид ҳисобланади, аммо Исроил ўз амалларини қонуний деб атайди.

Айни пайтда қарийб 500 минг яҳудий Шарқий Қуддусда қурилган 100 дан ортиқ турар-жой масканларида яшаб келади.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio