Озари фаол Лейла Юнусга 8,5 йиллик қамоқ ҳукми эълон қилинди

Боку маҳкамаси озарбайжонлик таниқли инсон ҳуқуқлари ҳимоячиси Лейла Юнусни 8,5 йиллик, турмуш ўртоғи Ориф Юнусни 7 йиллик қамоқ жазосига ҳукм қилган.

Маҳкамага кўра, Лейла Юнус ва турмуш ўртоғига нисбатан илгари сурилган йирик миқдордаги фирибгарлик жиноятлари маҳкама жараёнида ўз тасдиғини топган ва улар айбдордирлар.

Қоралов томонига кўра, Бокуда "Тинчлик ва демократия институти"ни ташкил қилган Лейла Юнус "арман маркази билан лойиҳаларни амалга ошириш ниқоби остида халқаро донор ташкилотларидан грантлар олган".

"Бу маблағларни турмуш ўртоғи орқали жосуслик фаолиятига жалб қилмоқчи бўлган одамларининг моддий аҳволини яхшилаш мақсадларига сарфлаган".

Лейла ва Ориф Юнусга иқтисодий жиноятлардан ташқари давлатга хиёнат қилиш банди бўйича ҳам жиноят иши қўзғатилган, бироқ бу ишни алоҳида маҳкамада кўриб чиқишга қарор қилинган.

Лейла ва Ориф Юнус ўзларининг айбдорликларини рад этганлар.

Маҳкамадаги сўнгги сўзида Лейла Юнус Озарбайжон давлатини сўздан қўрқишда айблаган.

Ўз маҳкамасини СССРдаги 1937-йиллардаги қатағон маҳкамаларига солиштирган.

Эр-хотин фаоллар 2014 йил июл ойида ҳибсга олинган эдилар.

Халқаро ташкилотлар озари фаолларнинг ҳибсга олинишини қоралаб баёнотлар эълон қилганлар, иккисининг ҳам саломатлиги яхши эмаслиги ва даволанишга муҳтож эканликлари ҳақида огоҳлантирганлар.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio