Хитой шарқидаги кучли портлаш қурбонлари сони ортмоқда

Атрофдаги бинолар вайрон бўлган Фото муаллифлик ҳуқуқи EPA
Image caption Атрофдаги бинолар вайрон бўлган

Хитойнинг Тянзин саноат шаҳрида рўй берган портлаш оқибатида камида 50 киши ҳалок бўлган ва 700 дан оритқ одам жароҳат олган.

Ҳалок бўлганлар орасида 12 ўт ўчирувчи ҳам борлиги айтилмоқда.

Маҳаллий шифокорларнинг маълум қилишича, шифохонага келтирилаётганлар асосан шиша парчалари ва тошлардан жароҳат олган. Уларнинг айримлари оғир аҳволда.

Хавфли ва кимёвий товарлар сақланадиган омборда икки портлаш рўй берган.

Осмонга йирик олов шар кўтарилган ва яқин атрофдаги бинолар вайрон бўлган.

Матбуотнинг хабар беришича, биринчи портлаш маҳаллий вақт билан 12 август соат 23:30 да бўлган. Портлаш тўлқини бир неча чақирим масофагача ҳис қилинган. Тахминан 30 сониядан сўнг иккинчи портлаш рўй берган.

Шундан сўнг нисбатан кучсиз портлашлар содир бўлган.

Портлашнинг расмий сабаби айтилгани йўқ. Бироқ давлатнинг CCTV телеканали шаҳар бандаргоҳи юк терминалида сақланган портловчи моддалар ва ёнилғи тўла цистерналар портлаб кетганини айтган.

Интернетга жойлаштирилган видео тасвирларда портлаш ортидан кўзни қамаштирувчи учқун сачрагани ва оловнинг ўнлаб метрга сапчиганини кўриш мумкин.

CCTVнинг маълум қилишича, портлаш натижасида яқин атрофдаги уйларнинг ойналари чил чил бўлган.

Ижтимоий тармоқларда портлаш содир бўлган ҳудуддан қонга беланган ва кийим боши йиртилиб кетган одамларни суратлари пайдо бўлди.

Тянзин пойтахт Пекиндан жанубий шарқда 96 чақирим масофада жойлашган йирик бандаргоҳ-саноат шаҳри ҳисобланади. Шаҳарда 15 миллион аҳоли истиқомат қилади.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio