Швеция Жулиан Ассанжга қарши жиноят ишини тўхтатган

Фото муаллифлик ҳуқуқи AP

Махфий ёзишмаларни ошкор этиши билан танилган WikiLeaks веб-сайти асосчиси Жулиан Ассанжга нисбатан Швеция прокуратураси қўзғатган ишни ёпишга қарор қилган.

Прокуратурага кўра, бунга қўзғатилган жиноят иши муддати ўтгани сабаб бўлган.

Швеция қонунларига биноан, бирор шахсга нисбатан агар унинг ўзи сўроқ қилинган бўлмаса, расман айблов илгари суриш мумкин эмас.

Швед прокурорлари 2010 йилда қўзғатилган жиноят иши бўйича Жулиан Ассанжнинг ўзини сўроқ қилишга муваффақ бўлмаганлар.

Бу иш жинсий тегажоғлик билан боғлиқ иш.

Бироқ Жулиан Ассанжга нисбатан жинсий зўрлаш билан боғлиқ яна бир жиноят иши очиғлигича қолмоқда.

Бу жиноятнинг ўтиб кетиш муддати 10 йил ҳисобланади.

Ассанжнинг ўзи 2012 йил июнидан бошлаб Эквадорнинг Лондондаги элчилиги биносида қолмоқда.

Эквадор унга сиёсий бошпана берган.

У Швеция прокуратураси гумон қилаётган жиноятларни содир этганини рад этиб келади.

Жулиан Ассанж Эквадор элчихонасидан чиқиб Лотин Америкасига кетишдан қўрқмоқда.

Унинг фикрича, бинодан ташқарига чиқиши билан ҳибсга олиб аввал Швецияга, сўнг АҚШга экстрадиция қилишлари мумкин.

Ассанжга кўра, Америка ҳуқуқ-тартибот органлари унга нисбатан махфий маълумотларни ошкор қилиш айбловини илгари сурмоқчилар.

Дастлаб Швед прокурорлари Жулиан Ассанжнинг Швецияга экстрадиция қилинишини ва ўша ерда уни сўроқ қилмоқчи эканликларини айтишганди.

Лекин кейин Лондондаги Эквадор элчихонаси ичкарисида савол-жавоб ўтказишга кўнишган.

Эквадор элчилиги эса бунга ижозат бермаган.

Ҳам Швеция, ва ҳам Британия расмийлари бу борада Эквадор расмийларини ҳамкорлик қилишга чақирганлар.

Жулиан Ассанж адвокатларига кўра, икки жиноят иши ҳам аллақачон тўхтатилиши керак эди, чунки аввал-бошданоқ уларни қўзғатишга асос бўлмаган.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram - BBC UZBEK

Twitter - BBC UZBEK

Odnoklassniki - BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ