Кубадаги элчихона устида АҚШ байроғи кўтарилди

Фото муаллифлик ҳуқуқи AFP

АҚШ ёпилганидан 54 йил ўтиб Кубадаги ўзининг элчихонасини қайта очган.

Бу икки мамлакат муносабатлари илиб бораётганининг яна бир белгисидир.

Жон Керри Кубага охирги 70 йилда борган илк АҚШ Давлат котиби бўлган.

Элчилик биноси узра АҚШ байроғи кўтарилган.

1961 йили АҚШ байроғини пастга туширган уч америкалик денгиз пиёда аскари яна байроқни кўтариш маросимига атайин таклиф қилинганлар.

Куба ўзининг АҚШдаги элчихонасини ўтган ой очди.

Ўтган йили декабридан буён АҚШ ва Куба икки мамлакат муносабатларини яхшилаш мақсадида дипломатик қадамларни қўймоқдалар.

Бироқ ҳали ҳал этилмаган масалалар кўп.

Бир кун олдин Куба собиқ раҳбари Фидел Кастро очиқ мактуб эълон қилди ва бу мактубида Кубага нисбатан савдо эмбаргосини бекор қилмагани учун АҚШни танқид қилди.

53 йиллик санкциялари учун Америка Кубадан миллионлаб доллар қарздор, деб ёзган Фидел Кастро.

Икки мамлакат ўртасидаги алоқалар 1960 йиллар бошларида АҚШ Куба билан дипломатик муносабатларни тўхтатгани ва савдо эмбаргоси жорий этгани ортидан совуқлашган эди.

Гаванада АҚШ элчихонаси очилишини Давлат котиби Жон Керри "тарихий сония" деб атаган.

Лекин АҚШ Кубадаги сиёсий ўзгаришлар бўлиши йўлида босим ўтказишдан тўхтамаслигини айтган.

"Куба халқи ҳақиқий демократия ўзларига хизмат қилишига ҳақлилар, ҳақиқий демократияда инсонлар ўз раҳбарларини эркин сайлай оладилар", деб айтган АҚШ Давлат котиби элчилик ташқарисида тўпланган оломон қаршсида.

Би-би-си Ўзбек хизмати билан Whatsapp, Telegram ва Viber орқали боғланишни истасангиз, телефонимиз: +44 78-58-86-00-02.

Instagram – BBC UZBEK

Twitter – BBC UZBEK

Odnoklassniki – BBC UZBEK

Facebook- BBC UZBEK

Google+ BBC UZBEK

YouTube - BBCUZBEK (https://www.youtube.com/user/bbcuzbek)

Skype - bbcuzbekradio

Бу мавзуда батафсилроқ